Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Фаластин Ташқи ишлар ва муҳожирлар вазири Риёд Малкини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Фаластин ўртасидаги кўп томонлама, хусусан, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан эканлиги, шу нуқтаи назардан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Сенат раиси турли даражаларда ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва тажриба алмашиш орқали Фаластин ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар салоҳиятини кучайтириш таклифини билдирди.
Жумладан, икки давлат парламентлари ўртасида конструктив мулоқотни ўрнатиш ва парламентлараро яқин алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Бунда тегишли қўмиталар ўртасида томонларни қизиқтирган ўзаро манфаатли соҳаларда мулоқот ўрнатиш, парламентлараро алоқанинг муҳим механизмларидан бири ҳисобланган “дўстлик гуруҳлари”ни шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.
Бу нафақат давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларни чуқурлаштириш, балки сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни изчил ва самарали ташкил этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида халқаро парламент тузилмалари (Парламентлараро иттифоқ, Араб парламенти) ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ташаббусларни қўллаб қувватлаш анъанасини давом эттириш ва ҳамкорликни янада изчил ривожлантириш юзасидан келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА