Ўзбек ва озар халқларининг ўзаро дўстлик алоқалари чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, кўп асрлик маданий ва маънавий қадриятлар, анъаналар ва тарихнинг ўзаро уйғунлашувига таянади. Бугунги кунда ушбу азалий ва яқин ришталар икки давлат ўртасида мустаҳкам ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасидаги биродарлик риштаси қатор ҳужжатларни ўзида жамлаган сермаҳсул шартномавий-ҳуқуқий база асосида тобора ривожланмоқда. Тан олиш керак икки қардош давлатнинг ҳозирги раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасидаги самимий дўстлик алоқаларни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарди, икки томонлама муносабатнинг кенг кўлами, кўп қиррали хусусиятини қамраб олган ҳақиқий конструктив ҳамкорлик учун майдон яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Бокуда ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти) еттинчи саммитида қатнашиш мақсадида Озарбайжон Республикасига қилган ташрифи ўзбек-озарбайжон муносабатлари тарихида муҳим воқеа бўлди.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Давлатлар раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга оид долзарб масалаларни муҳокама қилди. Биринчи навбатдаги истиқболли вазифалар белгилаб олинди. Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи компаниялари ва тадбиркорлари билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида ва бошқа муҳим тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жадаллаштириш ва икки мамлакат минтақалари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг  2022 йил 21-22 июнь кунлари мамлакатимизга ташрифи ҳам долзарб аҳамият касб этди. Мазкур ташриф Тошкент шаҳрида янгиланган Ҳайдар Алиев номли кўча, хиёбон ва ёдгорлик барельефи очилишидан бошланди. Тантанали маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.

Табиийки, давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий ва ишончли муносабат туфайли йилдан-йилга  мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланаётган иқтисодий шериклик самарасида ҳам намоён бўлмоқда. Энг муҳими, бу борада эришилган келишувлар бирин-кетин муваффақиятли амалга ошмоқда.

Хусусан, жорий йил февраль ойида Тошкентда ўтказилган биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон ҳудудлараро форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши ишбилармон доираларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини ривожлантириш, ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим замин яратди. Аҳамиятли жиҳати, биргина 2022 йил мамлакатларимиз ўртасида маҳсулот ва хизмат айирбошлаш миқдори бир ярим баробар, жорий йил бошидан буён эса яна 16 фоиз ортди. Жумладан, Озарбайжонга жўнатилаётган тўқимачилик маҳсулотлари 2,6 баробар, механик ускуналар 19,7 фоиз, шиша ва шиша буюмлар 76 фоиз ошди. Шу нуқтаи назардан мутахассислар яқин йилларда ўзаро маҳсулот айирбошлаш миқдорини 1 миллиард долларга етказиш учун икки мамлакат иқтисодиёти етарли салоҳиятга эгалигини таъкидламоқда.

Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича биргаликда олиб борилаётган ишлар алоҳида ўрин тутади. Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди. Икки йил ичида 40 га яқин корхона ишга тушди. Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 70 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш доимий кун тартибидан жой олган.

Умуман, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболига ҳар икки томон катта эътибор қаратди. Зеро, транспорт, саноат кооперацияси, энергетика, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника, кимё саноати каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик салоҳияти юқори экани исботланган.

Президент Илҳом Алиевнинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш муассасалари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш учун ҳам “яхши пойдевор” қўйилган. Президентлар томонидан Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги декларация имзолангани мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларни турли даражада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр экани яққол намоён бўлган.

Озарбайжон томони юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг интилиши туфайли Марказий Осиёда эришилаётган ижобий ўзгаришлар барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни, жумладан, ҳудудлар ўртасида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратаётганини мудом таъкидлайди.

Хусусан, эксперт доира вакиллари икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати ва истиқболини юқори баҳолаб, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, иқтисодиётни модернизация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини алоҳида эътироф этади. Давлатимизнинг янгича шакл ва моҳиятга эга минтақавий сиёсати туфайли Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратилгани, бу ҳолат ўзаро ишончни, ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини, минтақада шаклланган жараён Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки ва кўп томонлама шерикликни ривожлантириш учун жуда яхши имконият очаётганини қайд этишади.

Турли даражадаги музокаралар жараёнида томонлар муҳокама, мунозара натижасида доимий равишда ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболини атрофлича таҳлил қилиб, муносабатларни изчил ривожлантиришни талаб қиладиган устувор йўналишларни белгилаб боришади, алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган таклифлар билдирилади.

Хулоса қилиб айтганда, икки қардош юрт – Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстона муносабат бугунги кунда, деярли, барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга бўлажак давлат ташрифи стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА мухбири