Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тиббиёт тизимида ҳам хусусий секторнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, бугунги кунда республикамизда жами 8 минг 300 нодавлат тиббиёт ташкилоти фаолият юритмоқда. Хусусий секторда 17 мингдан ортиқ шифокор, 26 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда.

Аҳамиятлиси, хусусий тиббиёт ташкилотларининг сони ҳар йили ўртача 600-700 тага ортмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида бундай шифохоналар сони 1 минг 700, Андижонда 750, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида эса 650 тадан ошди. Улар томонидан 200 дан ортиқ ихтисослик бўйича 2 минг 250 турдан зиёд тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсадида давлат функцияларини мақбуллаштириш орқали давлат органлари ва ташкилотларининг функция ва вазифаларини тадбиркорлик субъектларига, давлат хусусий шериклик асосида ва бошқа шаклларда тақдим этилиши ишбилармонларга кенг имкониятлар яратди.

Жумладан, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида давлат хусусий шериклик шартлари асосида юртимизнинг турли ҳудудларида жами 57 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Тадбиркор Отабек Жиянбоевнинг сўзларига кўра, ўтган йилларга нисбатан имкониятлар икки бараварга ошган.

– Мисол тариқасида айтишим мумкинки, беш-олти йил олдин ҳам тиббиёт техникаларини ишлаб чиқаришни фармацевтика соҳаси ва бу йўналишда ишлаётган тадбиркорларга ҳам фармацевтика  ходимлари сифатида қаралар эди, – дейди О.Жиянбоев. – Ҳозирга келиб эса тиббиёт техникаларини ишлаб чиқариш алоҳида соҳа этиб белгиланди. Муҳими, бунинг учун кенг майдон яратилди.

Ўз навбатида, давлатимиз томонидан соҳа ходимларининг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, рағбатлантирилмоқда. “Тадбиркорлар куни” муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорларнинг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлангани фикримизнинг яққол далилидир.

– Бу каби мукофотлар биз тадбиркорлар учун жуда катта рағбат, мотивациядир, – дейди «Hayat Medical Centre» раҳбари Нуриддин Нуриддинов. – Халқимизнинг соғлиғини асрашга, уларнинг саломатлигини тиклашга қўлимиздан келганча ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Муҳтарам Президентимизнинг биз тадбиркорларни доимий қўллаб-қувватлашлари бизга янги имкониятлар яратмоқда.

 Моҳигул Қосимова, ЎзА