2023 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси кучга кирди. Кодекс, хусусан, ҳомиладор аёлларга қандай кафолатларни тақдим этади? Шу каби масалалар юзасидан Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси доценти вазифасини бажарувчи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Мирёқуб РАҲИМОВ ўз фикрларини билдирди:
– Амалдаги Меҳнат кодексининг 4-моддасига асосан ҳомиладор аёллар юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар сифатида баҳоланиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Бу эса қонундаги тенглик тамойилини бузмайди. Буни ҳомиладор аёлларга бериладиган кафолатларни таҳлил қилиш орқали кўрсатиб берамиз.
Кафолатларнинг дастлабкиси, яъни Меҳнат кодексининг 119-моддасига кўра, ҳомиладорлиги билан боғлиқ сабабларга кўра, ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш саналади. Бунга эса йўл қўйилмайди. Аёлнинг ҳомиладорлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортган ёки ишдан бўшатган шахслар Жиноят кодексининг 148-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳомиладор аёл ишга қабул қилинганда, унга дастлабки синов белгиланмайди (Меҳнат кодекси 129-моддаси). Шу билан бир қаторда, Меҳнат кодексининг 142-моддасида ҳомиладор аёлнинг тиббий хулосага мувофиқ вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини истисно этадиган бошқа ишга ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 186-моддасига асосан, иш берувчи ушбу кодекснинг 398-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлнинг илтимосига кўра, тиббий хулосага биноан тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт. Бунинг моҳияти шундан иборатки, агар ҳомиладор аёл нормал иш вақти ҳафтасига 40 соатдан камроқ ишлашни хоҳласа, унга тўлиқсиз иш вақт ҳафтасига 30, 20 ёки бошқа иш вақти соатлари белгилаб берилади. Бу кўпчилик яхши тушунадиган, халқ тилидаги “ярим”, «0,75 ставка” каби жумлаларнинг қонунчиликдаги ифодаси саналади.
Меҳнат кодексининг 202-моддасига асосан, ҳомиладор аёлларга ишдан бўш бўлинадиган кунлар берилади. Ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди.
Масалан, ушбу кодекснинг 403-моддасига асосан, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт. Мазкур имтиёз янги кафолат саналиб, эски Меҳнат кодексида мавжуд эмас эди.
Бизга маълумки, биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Бироқ Меҳнат кодексининг 227-моддасига асосан, ҳомиладор аёллар бундан мустасно. Олти ой ўтгунига қадар аёлларнинг хоҳишига кўра уларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ҳар йилги меҳнат таътили берилади.
Ушбу кодекснинг 229-моддасига асосан, ходимлар ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланган ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 232-моддасига асосан, ҳомиладор аёлларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди. Кодекснинг 392-моддасига кўра эса, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.
Бундан ташқари, 394-моддага биноан тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек, вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.
Меҳнат кодексининг 396-моддасига асосан ҳомиладор аёллар фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек, хизмат сафарига юборилиши мумкин. Бунда иш берувчи мазкур ходимларни тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишлардан ёки хизмат сафаридан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Ҳомиладор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 398-моддасига асосан, иш берувчи ҳомиладор аёлнинг илтимосига кўра, уларга тиббий хулосага мувофиқ тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт. Кодекснинг 400-моддасига асосан, ҳомиладор аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.
Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.
Меҳнат кодексининг 408-моддасига асосан, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно. Яна бир ўзига хос жиҳат шундаки, Меҳнат кодексининг 466-моддасига биноан, ҳомиладор аёллар вахта усулида бажариладиган ишларга жалб қилиниши мумкин эмас.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур кодекснинг 85-моддасига асосан, жамоа келишувларида юқорироқ даражада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар, масалан, ҳомиладор аёллар учун қўшимча иш ўринлари ташкил этаётган иш берувчиларга бериладиган имтиёзлар ҳақидаги нормалар назарда тутилиши мумкин.
Бу имтиёзлар иш берувчиларга амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит бериш, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш, ижтимоий солиқ ставкаси камайтириш, божхона тўловларини суғурта кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ва бошқа шаклларда намоён бўлиши мумкин.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.