Давлатимиз раҳбарининг Венгрияга амалий ташрифи самарали учрашувлар, фойдали келишувларга бой кечди. Мазкур тарихий воқеа ҳақида маҳаллий ва хорижий экспертлар фикр, мулоҳаза билдирмоқда.
О Ин Кёнг, Жанубий Кореядаги Евросиё туркшунослик институти директори, профессор:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан икки давлат ўртасидаги муносабат мутлақ янги босқичга кўтарилди. Айни жараёнда олий ва юқори даражадаги мунтазам сиёсий мулоқотга алоҳида аҳамият бериляпти. Қайд этиш жоиз, кейинги икки йил давомида олий даражада уч бор учрашув ташкил этилгани ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон бирдек манфаатдор эканини кўрсатмоқда.
Будапешт Тошкентнинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашга интилишини юқори баҳолайди. Халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ТДТ доирасидаги шериклик жадал ривожланяпти.
Бу гал икки давлат етакчиларининг Будапештдаги учрашувида эришилган келишувлар жорий муносабатни янада мустаҳкамлашига шубҳа йўқ. Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш истиқболи батафсил муҳокама қилинди.
Марказий Осиёдаги Ўзбекистон ва Марказий Европадаги Венгрия стратегик аҳамиятга эга давлатлар ҳисобланади. Венгрия минтақа экспорт салоҳиятининг асосий омиллари сифатида, биринчи навбатда, транспорт-логистика тизими, ўрта ва юқори технологияли сектордаги инсон капитали, илм-фанга таянган хизмат вектори, илмий-тадқиқот ва ишланмаларга киритилаётган инвестиция, электрон тижорат каби йўналишларни муваффақиятли ривожлантирмоқда.
Ўзбек ва венгр халқлари бой тарихи, бетакрор маънавий-маданий мероси, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодлари билан ҳақли равишда фахрланади. Шу маънода тарихий ҳамда маданий жиҳатдан умумий хусусиятга эга бу икки давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳар томонлама бир-бирини тўлдиришини алоҳида таъкидлаш керак.
Ишонаманки, Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарлари ўртасидаги конструктив мулоқот мунтазам давом этиши давлатлараро муносабатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Макс Сей, “Kingsley Strategic Institute” ижрочи директори (Малайзия):
– Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон – Венгрия мулоқоти фаоллашиши натижасида савдо-иқтисодий, сармоявий алоқа кўлами сезиларли даражада кенгайди, ҳудудлар аро ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Будапештда бўлиб ўтган навбатдаги олий даражадаги музокара стратегик шерикликни, кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан томонлар ўзаро манфаатдорлигини яна бир бор намоён этди.
Шу билан бирга алоқаларни ўрта муддатли истиқболда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати сингари муҳим йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш орқали янада яхшилаш учун улкан салоҳият ҳам мавжуд.
Венгрия OTP банкининг Ўзбекистон бозорига кириши стратегик ғоя сифатида Европа бизнеси учун жуда муҳим. Ушбу мувафаққиятли лойиҳа бошқа Венгрия ва Европа компанияларини ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишга ундаши тайин.
Жорий йил 20 августдан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини янада фаоллаштириш, мамлакатлар аро сайёҳлик оқимини тезлаштиришга хизмат қилади.
Ҳикмет Эрен, “EkoAvrasya” Евросиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси (Туркия):
– Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатининг янги вектори туфайли Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабат стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Натижада савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлар бўйича ҳамкорликда ҳақиқий тараққиётга эришилди.
Ўзбекистон етакчисининг Будапештга бу галги амалий ташрифи ва олий даражадаги келишувлар натижалари кўп қиррали ўзаро муносабат чуқурлашганидан, истиқболдаги ҳали фойдаланилмаган бой салоҳиятдан далолат.
Мазкур ўзгаришлар иқтисодиётни либераллаштириш, бизнес юритиш ва сармоявий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Умуман, Ўзбекистон Венгрия учун тобора истиқболли иқтисодий ҳамкорга айланмоқда. Фикримни “Bonafarm”, “Gedeon Richter”, “Meditop”, “Wizz Air” каби йирик венгр компаниялари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга амалий ташрифи якуни бўйича эришилган самарали келишувлар тўплами Ўзбекистон – Венгрия савдо-иқтисодий муносабатини янада ривожлантиради, икки халқ манфаати йўлида яна бир дадил қадам бўлиб хизмат қилади.
ЎзА