Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиздаги хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор имконият ва имтиёзлар белгилаб берилган.

Хусусан, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши ва бунга ҳар йили камида давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ўтган даврида 2022-2023 ўқув йилининг 2-ярми учун 14 минг 110 нафар магистратурада таҳсил олган хотин-қизларнинг тўлов-шартномасига 85,1 миллиард сўм маблағ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилган.

Қайд этилишича, ОТМ, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг  контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тизими ҳам жорий этилган. Унга кўра, 2023 йилнинг ўтган даврида 36 минг нафардан зиёд талаба хотин-қизлар учун 335,5 миллиард сўм миқдорда имтиёзли (фоизсиз) таълим кредитлари ажратилган.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари ўртасида грант танлови ўтказилди.

Республика комиссияси томонидан 118 та маҳаллада марказлар фаолиятини йулга қўйган тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф этилган лойиҳалар кўриб чиқилиб, энг яхши деб топилган 66 та лойиҳа учун жами 3 миллиард 186 миллион сўм давлат гранти ажратилган. Таклиф этилган лойиҳаларга мувофиқ 1 минг 62 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган.

Шунингдек, 30 ёшдан ошган 7 ярим миллион нафардан ортиқ хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, 1 миллион 680 нафари “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган. Уларнинг 831 минг 133 нафарига тегишли тартибда ёрдамлар кўрсатилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА