Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, муҳокамалар жараёнида асосий эътиборни ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали, мақсадли сарфланишига қаратдилар.

Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 14 триллион 618,1 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 триллион 839,2 миллиард сўм кўп маблағ ажратилди. “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш харажатларини молиялаштиришга 0,8 миллиард сўм йўналтирилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар бугунги ахборот технологиялари даврида ушбу соҳага етарли маблағ ажратилиши зарурлигини қайд этиб, “Электрон соғлиқни сақлаш тизими”га ўтиш долзарблигидан мазкур масала учун маблағларни кўпайтириш таклифини илгари сурди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳисобот даврида бюджет харажатларининг асосий қисми партия электорати манфаатлари, яъни ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланганини эътироф этди. Жумладан, ижтимоий харажатларни молиялаштиришга Давлат бюджетидан 64,4 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 50 фоизи миқдорида маблағ сарфлангани электорат вакиллари учун муҳим рақамлардир.

Фракция аъзолари кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун Давлат бюджетидан 9 триллион 354,4 миллиард сўм маблағ ажратилганини ижобий баҳолади. Шунингдек, ҳукуматнинг кучли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон қадрини юксалтириш ва бошқа асосий йўналишлардаги кенг қамровли, масъулиятли фаолияти алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисобот даврида давлат бюджетидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш, Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни яхшилаш тадбирларига ажратилган маблағларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисобот даврида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун Давлат бюджетидан жами 1 триллион 767,8 миллиард сўм йўналтирилган бўлиб, мазкур маблағлар атмосфера ҳавосини, сув ва ер ресурсларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга, ичимлик ва оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш ва қайта таъмирлашга, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирларга, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда уларни сув ва шамол эрозиясидан сақлашга, чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш ва утилизация қилишга сарфланган.

Депутатлар ўтган даврда аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 565 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 710,4 км. ичимлик ва оқава сув тармоқлари ётқизилганини, 21 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилганини ижобий баҳоладилар.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилнинг дастлабки олти ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот мақулланди.

ЎзА