Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси экологик аудит фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда соҳани малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида “Экологик аудит соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хавфи кам бўлган ёки унчалик кўп бўлмаган (локал таъсирга эга) экологик аудит субъектларининг фаолиятига нисбатан экологик аудит ихтиёрий тартибда ўтказилади.

Атроф-муҳитга юқори ва ўртача таъсир кўрсатиш хавфига эга бўлган экологик аудит субъектлари эса ҳар йил мажбурий экологик аудитдан ўтказилади.

Аудиторлик фаолияти экологик аудиторлик ташкилоти томонидан амалга оширилади ва ташкилот штатида асосий иш жойи экологик аудиторлик ташкилоти бўлган камида тўрт нафар мутахассис ва ушбу мутахассисларнинг малака сертификати мавжуд бўлиши шарт бўлади.

Малака имтиҳонини ташкил этиш, малака сертификатини бериш, экологик аудиторлар ва экологик аудиторлик ташкилотларининг реестларини юритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ваколатли орган ҳисобланади.

ЎзА