Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

Қайд этилганидек, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди.

Натижада бу туманлардаги тадбиркорлар ўтган олти ойда қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди.

Бунинг ҳисобига, 20 та тумандаги тадбиркорларнинг даромади ўтган йилга нисбатан 1,5-2 бараваргача ошди.

Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди.

Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида 2 мингдан зиёд тадбиркор ҳисоб рақамига 7 триллион сўм келиб тушди.

Самарасиз солиқ механизмларини қўллаш оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигидан воз кечилгани ҳисобига, бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.

 

ЎзА