Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда туркиялик ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бу нуфузли тадбирда қатнашган, бугунги кунда дунёнинг 25 дан зиёд мамлакатида шуьба ва ваколатхоналарига эга, 50 дан зиёд мамлакатга жаҳон стандартларига тўла мос келадиган юқори сифатли фармацевтика маҳсулотларини тақдим этаётган «Ulkar Holding» компанияси бошқаруви ҳайъати раиси Ҳасан УЛУСОЙ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг янги даври, мамлакатимиздаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Бугунги кунда “Nobel Pharmsanoat”да халқаро стандартларга тўла мос келадиган 100 дан зиёд кўринишда 60 турдаги дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Мазкур дори воситаларининг 5 тури маҳаллий хом ашёдан тайёрланмоқда.
Маҳсулотимиз сифати ва унинг таъсир механизмига алоҳида эътибор қаратамиз. Шу мақсадда юқори малакали ходимларимиз Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида шифокорлар ва фармацевтлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, маҳсулотларимиздан тўғри ва мақсадли фойдаланиш борасида маслаҳат бериб келади.
Инвестицияларимиз миқдори 40 миллион АҚШ долларига етган, “Nobel Pharmsanoat” компанияси маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини янада кучайтирадиган янги фабрика иш бошлаш арафасида. Инвестицияларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастуридан ўрин олган қисми 13,5 миллион доллардир. Ўзбекистон ҳукумати аъзоларининг 2017 йил март ойида Туркияга бўлган ташрифи чоғида эса яна 3 миллион долларлик янги инвестиция шартномаси имзоланди.
Янги фабрикамиз қурилиш-монтаж ишлари 2013 йилнинг 16 ноябрида бошланиб, 2017 йилнинг август ойида тугалланди. Бу ерда 60 дан ортиқ фаол моддадан иборат дори-дармонлар учун ишлаб чиқариш линиялари, физик ва кимёвий, микробиология лабораториялари, хом ашё, қадоқлаш ва тайёр маҳсулот омборлари мавжуд. Ишлаб чиқариш механизми Европа CMP стандартларига тўла мос келади. Яқин кунларда маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ишлаб чиқаришга Италия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистондан замонавий технологиялар жалб этилган. Бир сменада йилига 10 миллион қути дори ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу фабрикада таблетка, қопламали таблетка, капсула, эритма кукуни, томчи спрей ва бурун учун назал спрей каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга фабрикада ходимлар учун барча қулайликка эга замонавий офис ишга тушади.
Ўзбекистондаги “Nobel Pharmsanoat” компанияси «Made in Uzbekistan» бренди остида ўз маҳсулотларини Афғонистон, Грузия каби давлатларга экспорт қилмоқда. Яна 3 турдаги маҳсулотимиз Туркияда рўйхатдан ўтказилиб, апрель ойида уларнинг дастлабки қисми экспортга йўналтирилди. Ҳозир Германия ва Молдовага экспорт учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Буюк ипак йўлининг савдо чорраҳасида жойлашган ота юртимиз – Ўзбекистонда инвестицияларимиз ҳажмини янада кўпайтириш тарафдоримиз. Фикримиз далили сифатида айтишим керакки, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури доирасида қўллаб-қувватланаётган лойиҳаларимизни амалга ошириш билан дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 50 миллион қутига етказишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун Ўзбекистонда барча имконият мавжуд.