Суд залидан репортаж
Сертификатсиз “Док-1 Макс” дори воситасини қабул қилган 65 нафар ёш бола вафот этган. Мазкур жиноят иши бўйича Тошкентда суд жараёни давом этмоқда.
Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтаётган мазкур очиқ суд мажлиси зали одамлар билан гавжум. Чунки суд жараёнида вафот этган 65 нафар боланинг ота-оналари, яқинлари ва оммавий ахборот ходимлари ҳам иштирок этмоқда.
Жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳар судида кўрилаётган мазкур жиноят ишида судланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25, 205, 205, 207, 28, 209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Асосий айбланувчилардан бири – 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган шахс С.Р.П. ҳисобланади.
Бундан ташқари, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси директори лавозимларида ишлаган С.К., мазкур корхона масъул ходимлари – жами 21 киши судланмоқда.
Бугун бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган С.Р.П. суд олдида жавоб берди.
У судья ва прокурорнинг болалар ўлимига сабаб бўлган дори воситаси билан боғлиқ саволларига жавоб берди.
Саволларга жавоб бериш асносида “Док-1 Макс” дори воситаси сотилган вақтда унинг мувофиқлик сертфикати бўлмагани маълум бўлди. Судланувчи эса бундан хабарсиз бўлганини билдирди.
Ҳиндистонда чиқадиган мазкур дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилиб келаётган “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти бу фаолиятдан фақат фойда олишни кўзлаган кўринади. Чунки аҳолига етказиб бериладиган дори-дармонлар уларнинг саломатлиги, ҳаёти билан боғлиқлигини улар унутиб қўйгани сертификат масаласида кўриниб турибди.
Бу ерда фарзанду дилбандларидан биргина дори туфайли айрилиб қолган ота-оналарнинг мунгли кўзларига қараш жуда оғир. Шунга қарамай, айримлари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Тошкент вилоятидан бўлган эркак 8 ёшли қизидан, жиззахлик аёл эса беш ёшли ўғлидан айрилган экан. Улар суддан адолатли ҳукм кутмоқда.
Норгул Абдураимова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА