Мамлакат иқтисодиётининг таянч тизимларидан бўлган экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича давлат дастурлари асосида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.
«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази»нинг Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси томонидан ҳам ушбу йўналишда самарали ишлар қилинмоқда.
Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси бошлиғи Элшод Хожиев ана шулар ҳақида сўзлаб берди.
– Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантириш бўйича GSP+ дастури доирасида Европа давлатларига экспорт қилинадиган электротехника маҳсулотлари турлари 20 тага ва ҳажми 40 миллион долларга етказилади. Европа давлатларига экспорт қилинадиган электротехника маҳсулотлари учун Европа Иттифоқи давлатларида белгиланган талабларни корхоналарга етказиш чоралари кўрилади. Миллий маҳсулотларнинг экспорт географияси кенгайтирилади. Хитой, Эрон, Туркия, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ мамлакатлари стандартлари 800 та корхонага етказилади.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги корхоналарни халқаро стандартлар бўйича сертификатлашни кенгайтириш орқали GSP+ преференцияларидан фойдаланган ҳолда тайёр маҳсулотларнинг 20 дан ортиқ Европа давлатларига экспортини ташкил этиш чораси кўрилади.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги 50 дан ортиқ корхоналар халқаро стандартлар бўйича сертификатланади. Маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал маҳсулотлари GSP+ преференцияларидан фойдаланган ҳолда 20 дан ортиқ Ғарб давлатларига етказиб берилишида кўмак кўрсатиш чораси кўрилади. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида ишга туширилиши режалаштирилган 1904 та корхонага соҳага оид консультатив хизматлар кўрсатилади. Инвестиция доирасида ишга тушириладиган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигига, халқаро стандарт талабларига жавоб бериши ва экспорт салоҳияти ошишига эришилади.
Яқин келажакда режалаштирилган ишлар қаторида, 1426 та маҳаллий корхоналарни “тадбиркордан – экспортёргача” тамойили асосида ташқи бозорларга чиқишига йўл очилади ҳамда ушбу корхоналарга ваколат доирасида консультатив хизмат ва амалий ёрдам кўрсатилади.
Ишлаб чиқариш корхоналари ва фермер хўжаликларида халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига стандартлаштириш, сертификатлаштириш харажатларини қоплаб бериш механизми йўлга қўйилди.
Экспортёр ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 282 та фермер хўжалигида “Global GAP” ва “Organic” 11 минг гектар майдонда халқаро стандартлари жорий қилиниб, барчаси сертификатлаштирилди.
Енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тўқимачилик саноати корхоналарида “OEKO-TEX” халқаро стандарти жорий қилиниб, уларнинг сони 53 тага етказилди. Шу билан бирга, 33 та корхонага Европа Иттифоқи мамлакатларининг бозорига киришда талаб этиладиган “СE” маркировкаси олиниб, маҳаллий маҳсулотларни Европа Иттифоқи давлатлари бозорларига экспорт қилиш имконияти яратилди.
Экспортёр ва маҳаллий корхоналарга соҳага оид амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудлардаги 294 та туманга 315 нафар ходим бириктирилди.
1400 та экспортёр корхонага халқаро сифат менежмент тизимлари стандартлари жорий этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА