Осиё футбол конфедерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида клублар ўртасида учта янги мусобақалар номини эълон қилиш, иштирокчи жамоаларни молиялаштиришни сезиларли даражада ошириш, шунингдек, аёллар ўртасида Осиё чемпионлар лигасини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Унда ОФК Ижроия қўмитасининг Марказий Осиё минтақаси вакили, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди. Йиғилишда Осиё футболи учун янги давр бошланаётгани эътироф этилди. Жами 76 та клубни қамраб олувчи янги мусобақалар 2024/2025 йилги футбол мавсумидан бошлаб ўтказилиши маълум қилинди.
Мазкур мусобақалар билан қуйида танишасиз:
1. ОФК Элита Чемпионлар лигаси – (Жами 24 та клуб иштирок этиши кўзда тутилмоқда);
2. ОФК Чемпионлар лигаси 2 – (Жами 32 та клуб иштирок этиши кўзда тутилмоқда);
3. ОФК Чақирув лигаси (AFC Challenge League) – (Жами 20 та клуб иштирок этиши кўзда тутилмоқда).
Қайд этилишича, ОФК Элита Чемпионлар лигаси ғолиблари жами 12 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофотланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматининг хабар беришича, ОФК томонидан 2021 ва 2022 йилларда аёллар клублари ўртасида иккита синов тариқасидаги Осиё чемпионати муваффақиятли ташкил этилди. Учинчиси шу йил охирида ташкиллаштирилиши кутилмоқда.
ОФК Президенти Шайх Салмон аёллар ўртасидаги Чемпионлар лигаси мусобақаси ҳақида тўхталиб, аёлларнинг иқтидорини намойиш этиш учун платформа яратиш – ташкилот стратегиясига мос келадиган муҳим қадамлигини ва бу мусобақа Осиё футболида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириб, аёллар ўйинининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Йиғилиш давомида шунингдек, ОФК Тиббиёт қўмитаси, ОФК Ҳакамлар қўмитаси, ОФК Молия қўмитаси ва ОФК ҳуқуқ қўмитасининг яқинда қабул қилинган қарорлари ОФК Ижроия қўмитаси томонидан ратификация қилинди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА