Нукусдаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми спорт базасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланиб республика даволаш профилактика муассасалари ходимлари ўртасида спартакиада мусобақаси ўтказилди.

“Спорт – саломатлик гарови” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада 15 жамоа таркибида 170 нафардан зиёд ходимлар шашка, енгил атлетика, дартс, волейбол, арқон тортиш турлари бўйича баҳслашди. Спартакиада якунида умумжамоа ҳисобида Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали жамоаси биринчи, 1-Республика руҳий ва асаб касалликлари диспансери иккинчи, Республика ўлат профилактика маркази Қорақалпоғистон филиали учинчи ўринни эгаллади.

Ғолибларга Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан кубок, медаль, дипломлар топширилди. Шунингдек, “Энг ёши катта иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Энг моҳир ҳаваскор иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациялари бўйича ғолиблар рағбатлантирилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири