Фармон ва ижро

Бугунги кунда онкологик касалликларнинг келиб чиқиши, унинг олдини олиш юзасидан юртимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволаш учун дори воситаларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилиши белгиланган эди.

Дарҳақиқат, онкологик касалликларнинг олдини олувчи усуллар, хориж тажрибаси ёхуд уни бутунлай даволовчи препарат топилишига умид борми? Шу каби саволлар билан Тошкент тиббиёт академияси Онкология кафедраси магистратура дастури директори, Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали кимё терапия бўлими шифокори, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Дилбар АЛМУРАДОВАга мурожаат қилдик.

– Аввало «онкология» сўзининг маъносига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу юнонча сўздан олинган бўлиб, «онкос» – шиш ёки ўсма, «логия», бу – фан маъносини билдиради. Яъни одам ва ҳайвонларда ўсма ривожланишини назарий, экспериментал ҳамда клиник жиҳатдан ўрганадиган тиббий биологик фан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, онкологик касалликлар бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам афсуски, йил сайин кўпайиб бормоқда. Ўлим кўрсаткичлари ҳам сезиларли ошмоқда. Жаҳон бўйича ҳар йили 16 миллионга яқин онкологик бемор аниқланади. Шундан 8-9 миллиони ҳаётдан кўз юмади. Бунинг асосий сабабларидан бири –ўсма касалликлари кеч босқичда аниқланиши ва касалликнинг яширин кечиши ҳамда эрта босқичларда мурожаат қилинмаслигидир.

Унинг олдини олиш ва эрта босқичда аниқлаш бўйича мамлакатимизда ҳозирда скрининг дастурлари йўлга қўйилган. Бу касалликнинг белгиси бор-йўқлигидан қатъи назар, аҳолини ёппасига текширувдан ўтказишдир. Чунки онкологик касалликлар ҳеч қачон дарров белги бермайди. Тана аъзосининг бутунлигини бузганида ёки вазифасини издан чиқарганида белги беришни бошлайди. Шу боис скрининг текширувларини ўтказиш ҳозирги кунда муҳим саналади. Бу бутун дунёда йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистон ҳам босқичма-босқич шу дастурларни қўллай бошлади. Мазкур турдаги касалликларни, хавфли ўсмаларни даволаш босқичи кимё терапия, нур терапия, гармон терапияларни ўз ичига олади.

Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш лозим. Бу – мамлакатимиз тиббиётининг энг устувор тамойилига айланмоқда. Шу боис юртимизда сут бези ва бачадон саратонини эрта аниқлаш бўйича ҳам алоҳида скрининг текшируви амалга оширилмоқда. Чунки айнан мана шу касалликлар Ўзбекистонда етакчи ўринларда аниқланмоқда.

– Онкологик касалликларга учраш даражаси аёллар ва эркаклар ўртасида қандай?

– Бутун дунёда эркаклар ва аёллар ўртасида ушбу касалликка учраш частотаси фарқ қилади. Яъни аёллар ўртасида сут бези саратони етакчи бўлса, кейинги ўринларда бачадон бўйни, бачадон танаси ва тухумдон саратони туради. Эркаклар ўртасида бу бироз фарқ қилади, яъни етакчи ўринларда ўпка ва ошқозон саратони бўлса, кейинги ўринларда эса йўғон, тўғри ичак ва простата бези саратони ҳисобланади.

– Мазкур касалликнинг келиб чиқиш сабаблари қандай?  

– Касалликларнинг аёллар ва эркаклар ўртасида келиб чиқиши бўйича бир қанча назариялар бор. Бу кенг қамровли бўлиб, аниқ бир сабабини келтириш қийин. Бир неча факторлар биргаликда келган ҳолатда ҳам касаллик ривожланиши имконияти янада ошади. Хусусан, касаллик намоён бўлишига гормонлар бошқарувининг бузилиши, стресс сабаб иммунитет камайиши, ортиқча вазн сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, қуёш нурида кўп юриш, ультрабинафша нурлар ва ташқи муҳитнинг ўзгариши, сурункали касалликларни даволамаслик ҳам бунга сабаб бўлади.

– Онкологик касалликнинг турлари ва аломатлари қандай?

– Онкологик касалликларнинг аломатлари беморда аввалига клиник белги бермайди. Агар ташқи, кўринувчи аъзоларда шу касаллик пайдо бўлса, илк белгилариданоқ, инсон билиши мумкин. Аслида ўсмаларнинг учдан бирини кўз билан кўриб аниқланадиган ўсмалар ташкил қилади. Масалан, тери, лаб, оғиз бўшлиғи, қалқонсимон без аъзоларида шиш, яра, қон кетиш пайдо бўлса, тез-тез хуруж қилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Шунда онкологлар билан маслаҳатлашиб, махсус шифохоналарга юборилади.

Биз кўз билан кўролмайдиган аъзоларда бу касаллик бошланса, уни бирдан аниқлаб бўлмайди. Беморда тўсатдан кучли оғриқ пайдо бўлса, овқатларнинг қизилўнгачдан ўтиши қийинлашса, ўпкадаги қуруқ йўталлар, ҳансирашлар ҳам саратоннинг кичик белгиларидан саналади. Яна бошқа аломатлари – қувватсизлик, озиш, лоҳаслик, иштаҳасизлик, баъзан тана ҳароратининг ошиши кабилар ҳам касаллик белгиси бўлиши мумкин. Учинчи босқичда барча белгилар яққол намоён бўлади. Шу боис беморлар кичик белгиларга ҳам эътиборли бўлиши лозим.

– Одатда ушбу касалликка дучор бўлганлар хорижда даволанишга уринишади, мамлакатимизда мазкур касалликнинг қайси босқичларини самарали даволаш йўлга қўйилган?

– Кўп ҳолларда беморлар нотўғри қарашлар билан хориждагина даволаниш мумкин, Ўзбекистонда онкология соҳаси орқада қолган, деб ўйлашади. Оқибатда 3-4-босқичда мурожаат қилишади. Корея, Туркия, Германия каби давлатларда малака ошириш жараёнида гувоҳ бўлдимки, аслида онкологик касалликдан даволаниш стандарти бир хил. Бу даволаш усуллари юртимизда ҳам йўлга қўйилган. Бизда ҳозир бир соҳа бироз орқада қолмоқда. Бу – лимфа безларидан ўсган касаллик, ўсма лимфомаларда суяк кўмиги трансплантацияси. Аммо бу бўйича ҳам ҳозирда мутахассисларимиз хорижда тажриба орттириб келмоқда.

– Онкологик касалликни даволашда табобатнинг ҳиссаси қай даражада? Гиёҳлар орқали даволаш ёки олдини олиш имкони борми?

– Онкологик касаллик белгиларини сезса, беморлар дарров шифокорга боришга қўрқишади. Осон даволаш усулини танлаб, табобатга мурожаат қилади. Бу касалликни табобат билан даволаб бўлмайди. Кўп ҳолларда биринчи босқичда табибга бориб, афсуски, ўсма бир неча ойда анча ўсиб кетгач, шифокорга мурожаат қилади. Маслаҳатимиз, аввало шифокорга мурожаат қилиш лозим.

– Онкологик касалликларни даволаш бўйича қайси мамлакатлар етакчи ва Ўзбекистон қайси давлатлар мутахассислари билан ҳамкорлик ўрнатмоқда?

– Қайси давлатда скрининг дастурлари тўлиқ йўлга қўйилган ва аҳолининг тиббий маданияти юқори савияда бўлса, ўша давлатларда турли касалликлар самарали даволанмоқда. Чунки касалликни эрта босқичда аниқлаш муҳим саналади.

Масалан, Жанубий Кореяда инсонлар саломатлигидан бирор шикояти бўлмаса-да, ҳеч қандай мажбурловсиз, ўз хоҳиши билан ҳар олти ойда тўлиқ, бошдан-оёқ скрининг текширувидан ўтишади. Ҳафта охирида текширув хулосасини олишади. Натижада жуда эрта босқичда, ҳатто ҳали ҳужайра ичида пайдо бўлган онкологик яралар ҳужайра дарвозасини бузиб ўтмаган, тўқима даражасида ривожланмаган босқичда аниқланади. Бу дегани – бемор юз фоиз тузалишига замин яратилади. Бундай беморга кимё терапия ҳам, нур терапия ҳам керак бўлмайди. Бу давлат бюджетига ҳам анча фойдали. Шунда даволаш учун тиббий препаратлар кам ишлатилади ёки умуман ишлатилмайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда даволаш скрининг текширувини кенг йўлга қўйган давлатлар – Корея, Германия, Туркия ва Москва онкологик институтлари билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Натижалари эса самарали бўлмоқда.

– Онкологик касалликларни қачондир бутунлай даволовчи препарат топилишига умид борми?

– Албатта, бу ҳаммани ўйлантирадиган савол. Лекин умид бор. Бутун дунё шу билан курашмоқда, ўрганишлар олиб бормоқда, лабораториялар ишламоқда, клиник экспериментал текширув тинимсиз давом этмоқда. Олимлар томонидан даволаш учун енгил препаратлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, охирги клиник натижалари асосида Корея Республикасида ўсма ҳужайрасининг ривожланишида энг асосий омил бўлувчи биринчи оқсил аниқланди ва унинг ривожланишини бутунлай тўхтатувчи, яъни блокловчи препарат ишлаб чиқилди. Уни ҳозирда клиник амалиётда беморларга қўллаш бошланган. Бу саволнинг тўлиқ жавобини, албатта, амалий тажрибалардан кейин, бир неча йилларда билиб оламиз. Вақти келиб бутунлай даволовчи усул ва препаратлар ишлаб чиқилади. Бунга умид қиламиз.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА мухбири суҳбатлашди.