ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳрида «Nukus Evolution Expo – 2023» кўргазмаси бўлиб ўтди.

Дунё бозорида электромобилларни ишлаб чиқариш жадал ривожланиб бораётган ҳозирги кунда давлатимиз томонидан электромобиль импорти учун бир қанча енгилликлар берилмоқда. Электромобилларни олиб келиш бўйича фуқароларга 2019 йилдан эътиборан божхона божи ва акциз солиғи ҳам бекор қилинган.

Ўзбекистон Савдо – саноат Палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Нукус шаҳрида илк бор ташкил этилган «Nukus Evolution Expo – 2023» электромобиллар кўргазмасида ташриф буюрувчилар замонавий яшил энергетика тимсоли бўлган – электромобиллар русуми, уларни сотиб олиш,  бўлиб тўлаш, кредит ёки лизингга олиш шартлари билан танишиш, кўргазма жойида харидни амалга ошириш имконига эга бўлди.

Тадбирда «E-Car finance», «BYD Nukus» ва «Avto motors Аsia» компаниялари, тижорат банклари ва лизинг компаниялари иштирок этди.

Электромобилларнинг афзаллиги шундан иборатки, бир йил давомида фойдаланилган электромобиль ўртача 1500 килограмм карбонат ангидрид билан атмосфера ҳавосининг ифлос бўлиши олдини олади,  бензин ёқилғисида ҳаракатланадиган ҳар бир автомобиль эса 15 минг километр масофани босиб ўтганда атмосферага 3 тоннадан ортиқ карбонат ангидрид гази, 93 килограмм углеводородлар, 0,5 тонна углерод оксиди, 30 килограммга яқин азот оксиди чиқаради.

Тадқиқотлар натижасида, электромобилларнинг атроф-муҳит учун фойдали эканлиги, бензин ва метан билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларига нисбатан ҳавони ифлослаш даражаси анчагина паст эканлиги тасдиқланган. Электромобилларнинг яна битта асосий устун томони – улар деярли шовқинсиз ҳаракатланади. Автомобилда айниқса,  шаҳар шароитида шовқин даражасининг кам бўлиши жуда муҳим ҳисобланади.

Кўргазма давомида тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва кўргазма меҳмонлари электромобилларни етказиб берувчилар билан сотиб олиш бўйича шартномалар, тижорий банклар ва лизинг компанияларининг хизматларидан фойдаланган ҳолда электромобилни кредитга ва лизингга олиш имконига эга бўлди.

 

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА