Қорақалпоғистон Республикаси судида Олий суд Пленуми қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича семинар ўтказилди.
Унда Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туман, шаҳар ва туманлараро суди раислари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари иштирок этди.
Таъкидланганидек ҳар бир Пленум қарори суд амалиётидаги бир қанча масалаларга аниқлик киритиб, суд ишлари сифатини оширишда катта ёрдам беради. Шунинг учун ҳам Пленум қарорларини изчил ўрганиш, мазмун-моҳиятини тўла англаб етиш ўзининг ижобий самарасини беради.
Тадбирда асосий эътибор Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорларини амалиётда қўллаш масаласига қаратилди. Сўзга чиққанлар мазкур Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти, уларни амалда қўллаш борасида юзага келиши мумкин бўлган муҳим масалаларга тўхталди.
Тадбирда барча судьялар амалиётда учраётган масалалар юзасидан саволлар, фикр-мулоҳазалар билан фаол иштирок этди. Ҳар бир савол, фикр-мулоҳазалар юзасидан Олий суд судьялари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири