Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди.
Фуқаро Р.Р. “Пахтачи” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги қурилиши тугалланмаган уйида яширин цех ташкил этиб, “Қаратау”, “Davidoff” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлиги маълум бўлди. Ушбу хонадондан жами 1 минг 713 дона қалбаки акциз марка, 602 дона қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 21 минг 770 дона бўш шиша, 150 литр спирт ва бошқа товарлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири