Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши тизимидаги ходимлар ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари учун “Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти” мавзусида онлайн ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши масъул ходимлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов кириш сўзи билан очди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти ва долзарблиги хусусида тўхталди.

Сўзга чиққанлар Конституциянинг тарихи, унинг давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизими ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб бериши ҳақида фикрларини баён қилди.

Бундан ташқари, Суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 9 та ҳуқуқий қадам бу борадаги энг муҳим тарихий воқеа эканлиги қайд этилди. Хусусан, бош қомусимиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошгани, қолаверса, конституция 65 фоизга янгилангани таъкидланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири