Бухоро шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Халқимиз орасида оилада янги фарзанд дунёга келганда, тўй, юбилей ва туғилган кун маросимларида дарахт экиш каби эзгу анъанамизни тиклаш муҳимлигини қайд этилди.

Тегишли ҳудудлар раҳбарларига қаровсиз қолган 10 миллион туп дарахт ўрнига яна шунча дарахт кўчатини сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларга экиш топширилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 15 августга қадар дарахт кўчатлари захирасини яратиб, уларни экиш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлайди.

Бундан буён кўчат экиш тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастури асосида амалга оширилиши белгиланди. Бу мақсадлар учун ҳар йили аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп – 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш йўлга қўйилади. Бу орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳар бир кўчатни кафолатли сотиб олиш тизими яратилади.