Бухоро шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари дала четларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.

Жорий йилдан бошлаб 70 мингдан зиёд фермерларнинг 60 минг гектар бўш дала четларида узум, қовоқ, қовун, тарвуз ва сабзавот экиб, қўшимча 220 минг тонна маҳсулот етиштириш, 600 минг бош парранда ва 300 минг дона асалари оиласини боқиш бўйича катта дастур қабул қилинган.

Лекин айрим вилоят, туман ҳокимлари бунга эътиборсиз қараётгани қайд этилди.

Жумладан, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар Навоийда фақат 31 фоиз, Фарғонада 34 фоиз, Тошкент вилоятида 70 фоиз майдонларга экилган, холос.

Қорақалпоғистонда 16 минг гектар дала четлари мавжуд бўлсада, 5 минг гектар билан чекланган, Наманганда 17 минг гектар ўрнига 3,5 минг, Қашқадарёда 26 минг гектар ўрнига 12 минг, Бухорода 22,5 минг гектар ўрнига атиги 5,5 минг гектар дала четлари ўзлаштирилган.

Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги комплекси раҳбарлари вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бўш дала четларидан самарали фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар бир ҳудудга мос уруғ ва кўчат навларини танлаб, фермерларга етказиш тизимини яратиш; деҳқонларни дала четларидан самарали фойдаланиш, минерал ўғит ва кимёвий препаратларни ишлатиш кўникмаларига ўқитиш; ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафар мавсумий агрономларни бириктириб, ойлик иш ҳақи билан таъминлаш топширилди.

ЎзА