ЎзА аввал хабар берганидек, МОХИ, СМТИ, ИТИМ ва ММТИ каби етакчи таҳлилий марказлар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги вакиллари билан учрашган делегациямиз аъзолари Ўзбекистон ва Озарбайжон транспорт ва транзит соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

Вазирлик вакилларига мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой”, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл қурилиши хусусида маълумот берилди.

Суҳбат чоғида мавжуд, янги транспорт-транзит йўлаклари, логистика марказлари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Озарбайжон, шунингдек, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги транспорт-логистика йўналиши бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат эксперт ва илмий ҳамжамиятини жалб қилган ҳолда тегишли тузилмалар яқиндан иш олиб боришини давом эттиришга келишиб олдилар.

Б.Худойбердиев, ЎзА