Буюк Британия фуқароси лотереяда жекпотни қўлга киритди. Энди у 30 йил давомида ҳар ойи 10 минг фунт стерлинг (12,8 минг доллар) олиб туради, деб хабар тарқатди чоршанба куни Mirror газетаси.

“Жон Стембриж 30 йил давомида ойига ўн минг фунт стерлинг тўланадиган жекпотни ютиб олди”, – дейилади нашр эълон қилган хабарда.  

Mirror маълумотига кўра, касби сувоқчи бўлган 51 ёшли эркак ютуқни олгач ишдан бўшаган. У  қолган умрини Европа бўйлаб саёҳат қилишга, фотосуратлар ва балиқ овига  бағишлашга қарор қилди. Кейинчалик янги бойвачча балиқчилик хўжалигини очиш ва кўл бўйида уй қуришни режалаштирмоқда, деб ёзган мазкур нашр.

Британия миллий лотереяси туфайли ҳар ҳафта 30 миллион фунт йиғилиб, турли жамоат лойиҳаларига ҳамда бошқа вазифаларга сарфланади. Лотереядаги жекпот эса 30 йил давомида ҳар ойи 10 минг фунт стерлинг тўлови ҳисобланади, дейилади мақолада.

Бундан аввал ҳам Буюк Британиялик яна бир фуқаро Европа бўйича ўйналадиган EuroMillions  лотерея ўйинида 55 миллион фунт стерлинг соҳибига айланган эди. 2022 йил июлда эса яна бир британиялик EuroMillions лотереясидан тарихдаги энг катта ютуқ – 195 миллион фунт стерлингни қўлга киритди.