Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, амалдаги 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ротация термини ишлатилмаган. Шунингдек, меҳнат муносабатларида ротация мавжуд эмас. Хўш, ходимга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси ёки ротация қилиш қайси қонунда кўрсатилган? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.
– Ротация қилиш билан боғлиқ қоидалар фақатгина давлат хизматчиларига нисбатан қўлланилади. Мисол учун, “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида“ ги низомнинг 14-бандига асосан “Порахўрлик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек, Департамент органлари фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимларнинг лавозимларини ўзгартириш (ротация) ўтказилади.
Ходимлар ротацияси, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан кейин амалга оширилади.
Ходимларни ротация қилиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади”.
Шу билан бирга “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида“ги қонуннинг 33-моддаси 2-қисмида “Давлат фуқаролик хизматини ўташ меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади.
Хусусан, бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказишни, шу жумладан ротация тартибида ўтказишни ва хизмат сафарларини, “яъни давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнат шартномасида ушбу шартлар мажбурий тартибда назарда тутилиши лозим. Ушбу шартлар оддий (давлат хизматчиси бўлмаган) ходимларга нисбатан белгиланмасада давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнат шартномасидаги мажбурий шартлар тоифасига киради.
Шу билан бирга юқоридаги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида“ги қонуннинг 33-моддаси 1-, 2- ва 3-қисмларига асосан “Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси унинг шахсий ва касбга оид сифатларини ривожлантириш, фаолиятининг самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси уни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозимига тенг бўлган бошқа лавозимга ўз розилиги билан ўтказиш орқали амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати белгиланади. Ушбу лавозимларни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси уларнинг розилигисиз амалга оширилади.
Юқоридагилардан шуни тушуниш мумкинки, давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси икки усулда амалга оширилади.
Жумладан, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг розилиги билан ва давлат фуқаролик хизматчиси розилигини олмасдан ротация қилиш.
Иккинчи усулга асосан давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси давлат фуқаролик хизматчисининг розилигини олмасдан амалга оширилади. Лекин ушбу қоида барча давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан татбиқ қилинмайди. Негаки юқоридаги қонуннинг 33-моддаси 7-қисмига асосан “Давлат фуқаролик хизматида ротация қилиш тартиби, мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати, шунингдек, ротация қилинадиган лавозимларда бўлиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади”.
Афсуски, бугунги кунга келиб бундай лавозимлар рўйхати тасдиқланмаган ва қабул қилинмаган. Шунингдек “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида“ги қонуннинг 22-моддасига асосан “Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ҳамда махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади”. Афсуски бугунги кунга келиб “Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри” ҳам қабул қилинмаган. Юқоридагилардан келиб чиқиб биринчи саволга жавоб сифатида шуни айтиш мумкинки, “Давлат органи (муассасаси) раҳбарининг “ходимни лавозимидан озод қилиб бошқа органга ротация қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳақида” тегишли таркибий тузилма раҳбарларига қўйган резолюцияси ҳуқуқий оқибатларни юзага келтириб чиқармайди. Ҳамда давлат органида ходимга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси (агар хулосада ходимни лавозимдан озод қилиш, ротация қилиш назарда тутилган бўлса) ротация қилиб бўлмайди. Негаки мажбурий ротация қилиш учун етарлича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаган ва асослар мавжуд эмас.
Аммо Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ходим томонидан амалга оширилган ножўя хатти-ҳаракат учун ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари, шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш тусидаги интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА