Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар парламенти ҳамкорлигида “Мустақиллик – ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Шу кунларда кўп миллатли халқимиз Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини кўтаринки руҳ билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Барча ютуқларимиз омили, куч-ғайрат, ғурур ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётган Ватанимиз мустақиллигининг мазкур шонли санасини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида жорий йил 27 июль куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида амалга оширилиши белгилаб олинди.

Тадбирда мустақиллик шарофати билан ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, айниқса, сўнгги олти-етти йилда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, шунингдек, иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.

—Халқимиз истиқлолга эришганига бу йил 32 йил тўлади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова. — Мустақилликка эришиш, албатта, осон кечгани йўқ – машаққатли меҳнат, миллат зиёлиларининг бошдан кечирган мураккаб синовлари, йўқотишлар ва қурбонлар эвазига бугунги фаровон кунларга эришдик. Истиқлол ҳадя этган неъматлардан ҳар биримиз баҳраманд бўлмоқдамиз. Демак, ана шу ҳурлик ва озодликни кўз қорачиғимиздек асраб, келажак авлодга етказиш шарафли вазифамиздир.

Давра суҳбатида истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, айниқса, сўнгги етти йилда юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Мустақиллик тақдим этган тенгсиз имкониятлар туфайли кўплаб ёш истеъдодлар кашф этилгани, сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун Янги Ўзбекистон ёшлари илм-фан, таълим, маданият, санъат, спорт соҳасида халқаро даражадаги катта ютуқларга эришиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтараётгани алоҳида қайд этилди.

Истиқлол мевалари бу – ёшлар. Шу маънода юксак марралар ҳам, катта мақсадлар ҳам фақат ёшларимиз билими ва салоҳияти орқали руёбга чиқади. Бу борада кейинги йилларда ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа даврда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айниқса, янгиланган Конституцияда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда.

Тадбирда сўзга чиққан ёшлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, орзу-истакларини рўёбга чиқариш учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритдилар.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган давра суҳбати давомида ёшларга қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ялпи мажлис муҳокамаларига тайёрлаш ва қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёнлари хусусида сўзлаб берилди. Улар мамлакатимиз парламенти фаолиятига оид кўплаб саволларига жавоб олди.

Тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан яқиндан танишди.

ЎзА