Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган олти ойида Пенсия жамғармаси томонидан 201,2 минг нафар фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинланган. Шундан 146,2 минг нафарига пенсия ва 55 минг нафарига нафақа ҳисоблаб берилган.

Пенсия жамғармасининг умумий кўрсаткичлари, амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тўлов тизимини ривожлантириш ва ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Аброр Холматов қуйидагиларни маълум қилди.

– Жамғарманинг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги ҳақиқий харажатлари жамғарма ҳисобидан 25 857,8 млрд. сўмни ташкил этди. Ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун талаб этилган маблағлар белгиланган муддатларда молиялаштирилиши ҳамда тўланиши таъминланди. Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 5 970 млрд. сўм трансфертлар ажратилди.

Июль ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 470 нафарга етиб, аҳоли сонидаги улуши 12,2 фоизни ташкил қилди. Июнь ойида пенсияларнинг бир ойлик ўртача миқдори 1 145,9 минг сўмни ташкил қилиб, 2022 йил июнь ойига нисбатан 107,3 минг сўмга ёки 9,4 фоизга кўпайган.

Нафақаларнинг бир ойлик ўртача миқдори 698,7 минг сўмни ташкил этди. Тизимни автоматлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш Пенсия жамғармаси томонидан 2023 йил биринчи ярим йиллигида 848 минг нафар фуқарога интерактив ва проактив хизматлар кўрсатилди.

Пенсия жамғармаси ва Мажбурий ижро бюроси ахборот тизимлари ўртасида йўлга қўйилган ахборот алмашинуви орқали чегирмалар қўйишда инсон омили бутунлай бекор қилинди ҳамда жамғарма ходимларининг иш самарадорлиги оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди. Фармонга мувофиқ, 371 минг нафардан ортиқ фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2023 йил давомида Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,6 трлн. сўмдан ортиқ миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 28 июлдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Пенсия жамғармаси томонидан 967 минг нафар пенсия ва нафақа олувчиларнинг маблағлари 2023 йил 1 августдан республикада расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаган миқдорларда қайта ҳисоблаб берилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 46 758 нафар жисмоний ва юридик шахслардан келган ариза, шикоят ва таклифлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши таъминланди.

Шу билан бирга, Пенсия жамғармаси Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея Республикаси каби давлатлар билан пенсия таъминоти бўйича шартнома ишларни ташкиллаштириш бўйича ишларни амалга оширмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА