Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Каримов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 2023 йил I ярим йиллик даврида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжлари ҳамда муаммоларининг ечимига қаратилган 27 та тематик мавзулар, 2 та халқаро лойиҳалар ва 1 та олима аёллар танловлари эълон қилинди.
Мазкур танловларга 728 та лойиҳа келиб тушиб, шундан 545 тасига ижобий хулоса ҳамда кейинги босқичга ўтказиш учун тавсия берилди. 265,7 миллиард сўмлик 100 та лойиҳа молиялаштирилди. 115 та эксперт жалб этган ҳолда 333 та амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мониторинги бажарилди.
Шунингдек, умумий қиймати 150,15 миллиард сўмлик 140 та халқаро қўшма лойиҳа Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Венгрия, Япония ва Беларусь каби давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 112,1 миллиард сўмлик 326 та ишланма тижоратлаштирилди. Шундан 68,33 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 43,78 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди. Эрон тажрибаси асосида 17 та спин-офф корхоналар ташкил қилиниши натижасида 92 турдаги инновацион маҳсулот ва 68 турдаги хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари умумий қиймати 29,9 миллиард сўм бўлган 55 та стартап лойиҳа молиялаштирилиши натижасида 385 та янги иш ўрни яратилиб, 8 та маҳсулот экспортга чиқарилмоқда.
Стартап экотизимини такомиллаштириш бўйича Венгрия билан ҳамкорликда акселератор дастури йўлга қўйилди. Ёшларни инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида “Startup Pitstop” ва “Parvoz” дастурлари йўлга қўйилиб, онлайн тренинглар ҳамда учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, “сooperation.uz” портали орқали стартап корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган лойиҳалар сотуви йўлга қўйилди. Стартап экотизимининг рақобатбардошлиги бўйича Тошкент шаҳри 165 поғонага юқорилаб, дунёнинг Топ-500 шаҳарлари қаторидан жой олди.
Жорий йил I ярим йилликда докторантурага қабул квоталари 1,2 баробарга, яъни 4 минг 307 тага етказилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА