Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 100 миллион АҚШ доллари ажратади.
Кредит маблағлари 5 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда ажратилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2024 йил якунига қадар янги лойиҳаларни молиялаштириш ишларини ташкил қилиш мақсадида халқаро молия институтларидан қўшимча 200 миллион AҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб қилади.
Марказий банк 2024 йилдан бошлаб ҳар йили тижорат банкларига Қорақалпоғистон Республикаси учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида камида 2 трлн сўм кредит маблағ ажратади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 100 гектар ер майдонида «Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази» ташкил этилади.
Ёшлар маркази ҳудудида IT-парк, лойиҳа офислари, стартаплар технопарки, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш «инновацион гуруҳлари», маданий ва маънавий марказлар, кутубхона ҳамда спорт комплекслари ташкил этилади. Ёшлар марказида фаолият юритаётган тадбиркор ва ёшларга «Менинг биринчи уйим» лойиҳаси доирасида кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар қурилади.
ЎзА