Маълумки, Тошкент шаҳри Япония ҳудудлари билан савдо-иқтисодий, шаҳарсозлик, туризм, маданият, фан ва таълим соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Муносабатларни янада кучайтириш ва келгусида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик имкониятларини ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Япониянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Хатори билан учрашди.
Учрашувда жаноб Хатори самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати ва кенг ислоҳотларни эътироф этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп йиллик дўстона алоқалар ҳозирги кунда ҳам ривожланиб, кенгайиб бораётганидан мамнунлигини билдирди.
Ш.Умурзоқов Такаши Хаторининг янги лавозимга киришгани билан табриклаб, унга давлатларимиз ўртасидаги ўзаро иқтисодий, дипломатик, маданий муносабатларни мустаҳкамлашда улкан муваффақият тилади.
Шунингдек, Шавкат Умурзоқов Қатарнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, логистика, туризм, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Шавкат Умурзоқов Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг юртимизга олий даражадаги ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида имзоланган Тошкент ва Доҳа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича Англашув меморандуми ижроси юзасидан “Йўл харитаси”ни тайёрлаш, Қатарнинг бизнес делегацияларини Янги Тошкент шаҳри лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилиш, Қатарда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми манзилгоҳларини тарғиб қилиш, Тошкент-Доҳа йўналишида авиарейсларни йўлга қўйиш орқали ўзаро ташрифлар ва алоқалар кенгайишини таъминлаш, шунингдек, Доҳада Тошкент ва Тошкентда Доҳа кунларини, маданият тадбирларини ташкил этишга қаратилган ишларни жадаллаштириш борасида фикр билдирди.
Ҳасан Ҳамза Ҳошим самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий ташриф бўлгани, бунда 15 дан ортиқ шартномалар имзолангани ва жуда кўп соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришда амалий ишлар бошлаб юборилганини билдирди. Ҳамкорликнинг истиқболлари катта эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА