Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданият шаклланиши ҳуқуқий давлат асослари мустаҳкамланиб бориши ва одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслигининг зарурий омилларидан биридир.

Айнан ушбу масалада масъул бўлган Адлия вазирлиги қандай ишларни амалга оширмоқда? Бу саволга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:

– Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида адлия органлари томонидан жорий йил биринчи ярмида 200 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳамда энг кўп берилаётган саволларнинг ҳуқуқий ечимлари бўйича масъул давлат органлари мутахассислари билан биргаликда 450 дан ортиқ махсус видеороликлар ишлаб чиқилиб, видеотека шакллантирилди ва улар вазирликнинг YouTube ижтимоий тармоғига жойлаштирилди.

Мазкур видеороликларда фуқаролар учун долзарб ҳисобланган коммунал тўловлар, моддий ёрдам, уй-жой ажратиш, субсидия, солиқ муносабатлари, ҳимоя ордери олиш, фуқароликни қабул қилиш, уни тиклаш ёки ундан чиқиш ҳамда бошқа ҳуқуқий муаммолар тўғрисидаги мавзулар бўйича маълумотлар акс этган.

Шу билан бирга, ҳафта давомида қабул қилинган, давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича “Қонунчиликдаги янгиликлар” рукни остида видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилмоқда.

Аҳолига ҳуқуқий ахборотларни, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун-ҳужжатларининг мазмуни ва моҳиятини етказиш мақсадида “Адлия сайллари” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди.

Тадбирларда ҳуқуқий мавзуда тўрт мингдан ортиқ нусхадаги буклет, флаер, инфографика ва бошқа турли шакллардаги материаллар тарқатилди. Тадбир давомида 350 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг айримлари жойида ҳал қилинди. Тадбирга юз мингдан ортиқ фуқаро жалб қилиниб, адлия органлари ва муассасалари, давлат хизматлари маркази ходимлари, нотариуслар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий ёрдам ва тушунтиришлар берилди.

“Меҳнат ҳуқуқларимизни ўрганамиз” акцияси доирасида корхона, муассаса, ташкилот ходимларига қонунчилик тушунтирилди ҳамда меҳнат соҳасидаги аҳоли муаммолари юзасидан сайёр қабуллар ташкил қилинди.

Акция доирасида адлия органларига беш мингга яқин  мурожаат келиб тушган бўлса, ҳудудий адлия органлари томонидан ушбу мурожаатларнинг 62,2 фоизи қаноатлантирилди. Қолганлари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, айримлари тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилди.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” ҳуқуқий акцияси ўтказилди. Акция доирасида адлия органлари томонидан 5 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомга мувофиқ, адлия органлари ҳар олти ойда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳолатини мониторинг қилиб бормоқда.

Мазкур жараёнларни янада соддалаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумотларни тақдим этишда ортиқча қоғозбозликни янада қисқартириш мақсадида http://htb.huquqiyportal.uz электрон платформаси ишга туширилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари электрон платформага жойлаштирилган маълумот асосида таҳлил қилинмоқда.

Таҳлил натижаларига кўра, Ички ишлар вазирлиги 97, Мудофаа вазирлиги 70,6, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 60,4, Божхона қўмитаси 93,1, Дин ишлари бўйича қўмита 86, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 46,2, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 51,3,  Кадастр агентлиги 39,6, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 36,4, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси 26,9 баллга эга бўлди. Мазкур ташкилотлар самарали фаолият олиб бораётгани аниқланди.

Н.Абдураимова, ЎзА