Ижтимоий тармоқларда ЖССТ томонидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Cold Out“ йўтал ва шамоллашга қарши заҳарли сироп хавфидан огоҳлантириш хабарлари тарқалмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, “Cold Out“ сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон) томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Шунингдек, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда муваффақиятсизликка учрагач, эркин савдодан қайтариб олинган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини билдирмоқда.
Таъкидлаш жоиз, 2023 йил февраль ойидан бошлаб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган сироб шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликол (ДEГ) ва этиленгликоль (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилган.
ЎзА