Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари Энергетика вазирликлари қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари А.Жуманазаров ва Озарбайжон Республикаси энергетика вазири ўринбосари С.Велиев иштирок этди.
Мазкур ишчи гуруҳ Озарбайжон Президентининг 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан 2022 йил август ойида имзоланган “Йўл харитаси”сининг ижроси кўриб чиқилди ҳамда томонлар унинг ҳар бир банди бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Йўл харитаси” қайта тикланувчи энергия манбалари ва ДХШ асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, энергия самарадорлиги, электр ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, инвестиция блокларида геология-қидирув ишлари, нефть ва газ кимёси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, институционал ислоҳотлар, кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш кабиларни ўз ичига олади.
Муҳокамалар якуни бўйича “Йўл харитаси” доирасидаги ишларнинг бажарилиши қониқарли, деб топилди ва ҳамкорлик йўналишларининг кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар янги “Йўл харитаси”сини ишлаб чиқиб, август ойи сўнгида Озарбайжон Республикасига кутилаётган ташриф давомида имзолашга келишиб олди.
Шунингдек, учрашувда икки давлат Энергетика вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган ҳукуматлараро битим ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “СОСАР” ўртасидаги келишувлар бўйича ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди, дейилади Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА