Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, фуқароларга “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилади.

Туроператорлар учун “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади:

100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни ЎзбекистонРеспубликаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш;

“Умра” хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

“Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

“Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

“Умра” хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.

Туроператор томонидан Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиладиган 100 минг AҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлардан “Умра” хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор мурожаати асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисини зиёратчиларга гуруҳ раҳбари (элликбоши) сифатида жалб этиш бўйича масъул.

Мутахассис (элликбоши)нинг зиёратчилар гуруҳларига раҳбарлик қилиши билан боғлиқхизмати беғараз амалга оширилади, унинг сафар харажатлари (транспорт, меҳмонхона, озиқ-овқат, суғурта, виза тўловлари ва бошқалар) “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор томонидан қопланади.

Мутахассис (элликбоши) “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорнинг сўровига кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан уч иш кунида ажратилади.

1 нафар гуруҳ раҳбарига 50 нафардан ошмаган зиёратчилар гуруҳи бириктирилади.

“Умра” хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолият устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ЎзбекистонРеспубликаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасиўз расмий веб-сайтида “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар рейтингини шакллантириш ахборот модулини ишга туширади.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади.

Ушбу рейтингдаги “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорларнинг ўрни жамоатчилик томонидан очиқ овоз бериш, ушбу ташкилотлар хизматларидан аввал фойдаланган фуқаролар (сайёҳлар) билан ўрнатилган қайта алоқа (жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали) натижаларига кўра аниқланади,

Қарор 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб амал қила бошлайди.

                                                                                                            ЎзА