Бутун дунёда иқлим ўзгариши, айниқса, қурғоқчилик юзага келаётгани, ҳаёт манбаи бўлган ичимлик суви танқислиги тобора ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммо минтақамиз, хусусан, Ўзбекистонга ҳам бегона эмас.
Айтиш мумкинки, минтақамизнинг кейинги тараққиёти, ҳеч шубҳасиз, сув омилига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ҳам бунга алоҳида урғу беряпти. Бизга жамият ва давлат имкониятларини тўлиқ сафарбар қиладиган, барча учун бирдек мақбул, манфаатли ва масъулиятли сув сиёсати керак. Бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш – биринчи галдаги вазифа.
Олий Мажлис Сенати бу масалани ўрганиб, таҳлил қилиш баробарида соҳага оид муаммолар ечими устида иш олиб бормоқда.
Сенат кенгаши, Сенат ялпи мажлисида сув билан боғлиқ масала чуқур таҳлил қилинган ҳолда кўриб чиқилди.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг фикрича, рақамли ва илмий жиҳатдан асосланган тежамкор технологияларни кенг жорий этмасдан туриб сув муаммосини ҳал қилиб бўлмайди. Қолаверса, сувни асраб-авайлаш тарбиямизнинг ажралмас қисмига айланиши шарт. Биринчи навбатда одамларимиз, айниқса, ёш авлоднинг экологик маданиятини шакллантириш зарур.
Сенат кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ўтган асрнинг 90 йилларига нисбатан сув сарфи йилига 64 млрд. метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 млрд. метр кубгача камайтирилгани қайд этилди. Шунингдек, олдинлари ҳар бир гектар суғориладиган майдонга ўртача 16 минг метр куб сув ишлатилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 10 минг метр кубгача туширилди. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишни рағбатлантириш механизмлари жорий этилган.
Бироқ, амалга оширилган ва эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарга сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Ирригация тизимларидаги носозликлар туфайли экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор.
Қишлоқ хўжалигида суғоришда жуда катта миқдордаги сув фильтрация, буғланиш ҳамда ортиқча сув сарфи орқали йўқотилмоқда. Сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари ҳамон қўлланилмоқда.
Сувни бошқариш, ундан фойдаланиш соҳаси ҳамда сув хўжалиги объектлари тўлиқ рақамлаштирилмаган. Ичимлик сувидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш кенг тарқалган.
Умуман олганда, сувдан фойдаланиш маданияти ҳам етарли даражада эмас. Сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари сустлиги натижасида жон бошига сув сарфи миқдори ортиқлигича қолмоқда.
Юзага келган вазият зудлик билан сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, соҳанинг қонунчилик базасини мустаҳкамлашга оид масалаларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, балиқчилик, иқтисодиёт тармоқларида сувдан фойдаланиш, соҳада инновацион технологияларни қўллаш, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларни рағбатлантириш йўналишларида муаммолар мавжуд.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, юзага келган муаммони зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳага тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан, Сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, соҳанинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан барча соҳа ва тармоқлардаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш қамраб олинган, муддатлари ва амалга ошириш механизмлари ҳамда масъуллари аниқ кўрсатиб ўтилган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Чора тадбирлар режасида суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини 90-95 фоизга етказиш, анъанавий суғориш усулларидан воз кечган ҳолда томчилатиб ва бошқа сув тежовчи технологияларини қўллашни янада кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, сувдан фойдаланиш бўйича янги воситалар ва технологик ечимларни топишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш ва уларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш, ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланмаслик, сувни ифлослантирмаслик бўйича кўникмаларини оширишга эътибор қаратилади.
Ер ости сув ресурсларини таҳлилий аниқлаш ҳамда муқобил сув манбаларидан (булоқ, қудуқ, ҳовуз, ер ости сувлари ва бошқалар) самарали фойдаланиш чораларини кўриш кун тартибига қўйилмоқда.
Соҳадаги қонун ва қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш устида иш олиб борилади. Оқова сув тозалаш иншоотлари иш самарадорлигини ошириш ишлари ташкил этилади. Ичимлик сувидан фойдаланиш юзасидан назорат кучайтирилади.
Бунда маиший-техник эҳтиёжлар учун алоҳида сув тармоқларини жорий қилиш чоралари кўрилади. Энг муҳими, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлашни тарғиб қилиш ишларини янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилинади.
Айтиб ўтиш керакки, Сенатда аҳолини ташвишга солаётган масалаларни муҳокама қилиш, республика даражасида ечиладиган масалаларни ялпи мажлисларга олиб чиқиб, ҳал этиш амалиёти йўлга қўйилган.
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида ушбу масала бўйича масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг чора-тадбирлар режаси юзасидан бажариши лозим бўлган вазифалар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ижросини доимий мониторинг қилиб борадиган бўлди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири ўрганилди.
Ушбу соҳада кўплаб муаммолар борлиги инобатга олиниб, ҳукуматга парламент сўрови юборилган. Айрим масалалар долзарблиги инобатга олиниб, парламент сўрови алоҳида назоратга олинган.
Сенат раиси Т.Норбоева сўров бўйича муайян ишлар амалга оширилган бўлсада, кўп масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганини қайд этди.
– Сенаторларимиз жойларда бўлиб, реал ҳолатни ўрганди, – деди Танзила Норбоева. – Айтиш керакки, парламент сўрови доирасидаги ишлар ҳолати кутилганидек эмас. Оғир аҳволдаги Чирчиқ, Зарафшон, Оқдарё, Қашқадарё, Сангзор ва Қорадарё дарёларидан саноат миқёсида қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиш масаласи эътиборсиз қолдирилганини қандай тушуниш мумкин?!
Ҳудудларда қум-шағални фақат дарёдан олавермасдан бошқа жойлардан ҳам олиш мумкин, жумладан, тоғли ҳудудларда алоҳида саноат зоналарини ташкил этиш масаласини ҳал қилиш зарур.
Буларнинг барчаси алоҳида бир вазирлик ёки ҳокимлик томонидан эмас, балки кенгроқ даражада ҳал қилиниши керак бўлган масалалардир. Ўзи, умуман, парламент сўрови муайян муаммога нисбатан давлат органи, унинг мансабдор шахсининг нуқтайи назарини билиш учун юборилади. Лекин, тақдим этилган маълумотлар ушбу йўналишдаги асослантирилган, аниқ нуқтайи назарни билиш имконини бермаяпти.
“Агар мораторий эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, алоҳида саноат зоналари ташкил этиш қийин бўлса ёки сўровда кўтарилган бошқа муаммоларни ҳал қилишда реал қийинчиликлар бўлса, масъуллар буларни асослаб, очиқ айтиши, муқобил механизмлар устида бош қотириши керак эмасми?! Парламент сўровида кўтарилган масалаларни алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш орқали эмас, балки қандайдир идоралараро ҳужжатлар билан ҳал қилишга уринишнику мутлақо тушуниб бўлмайди. Ахир гап дарёлар, яъни сув ҳақида кетар экан, бу борадаги муаммо ечимини кейинга қолдириб бўлмайди. Зеро, бу муаммо, айниқса, бизнинг бугунги шароитимизда борган сари янада долзарблашиб боряпти. Бу ҳақда жамоатчилик ҳам, парламент ҳам, такрор-такрор гапирмоқда. Шу боис парламент сўровида кўтарилган масалалар ечими ҳал этилиши керак”, деди Сенат раиси.
Хулоса қилиб айтганда, сув билан боғлиқ муаммолар шунчаки танқид қилинадиган, кейин кўз юмиб юборилса ҳам ҳеч нарса ўзгармайдиган оддий масала эмас. Ахир сув – ҳаёт манбаи. Сувсиз на инсон, на табиат яшай олади. Қолаверса, асосан деҳқончилик, боғдорчиликка асосланган қишлоқ хўжалигининг мавжудлиги ҳам сув захираларига боғлиқ. Шундай экан, сув билан боғлиқ муаммоларга панжа орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири