Беларуснинг 10 та шаҳрида бўлиб ўтаётган II МДҲ ўйинлари доирасида кечаги кун ҳам Ўзбекистон делегацияси учун сермаҳсул кечди. Мазкур нуфузли спорт анжуманини бевосита ёритиб бораётган ЎзА ижодий жамоаси ҳамюртларимиз иштироки тўғрисида ўқувчиларга баҳоли қудрат маълумот етказишга ҳаракат қиляпти.
Кеча кун якунида дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика спорт турлари бўйича спортчиларимиз 2 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медалларга сазовор бўлишди. Жамоамизга навбатдаги олтин медалларни дзюдо мусобақасида Азамат Облоқулов (-73 кг) ва Ҳакимжон Маҳкамов (-90 кг) келтирди. Умуман, энди 2023 йил 6 августни дзюдо бўйича терма жамоамиз учун энг омадли кунлардан бири сифатида белгилаб қўйсак бўлади.
Зеро, кеча 2 та олтин медаль билан бирга дзюдочи қизларимиз – 63 кг вазнли Нигина Сапарбоева ва 57 кгда қатнашган Моҳинур Оллоберганова кумуш медалга сазовор бўлишди. Асалхон Оролбоева (-57 кг) ва Зарина Бобоназарова (+70 кг) жамоа ҳисобига бронза қўшиб қўйишди. Табиийки, полвон йигитларимиз ҳам бўш келишмади. Беҳрўзбек Рустамбоев (-81 кг), Аброр Нурманов (-81 кг), Элнур Холмўминов (+90 кг) ҳам шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилишди.
Оғир атлетикачиларимиз Диёрбек Рўзметов ва Достон Ёқубовнинг муваффақияти ҳақида ёзгандик. Кун адоғида истеъдодли қизимиз, 59 кг вазнда супачага чиққан Нигора Абдуллаева ушбу спорт турида яна бир бронза медаль билан мураббийларини хурсанд қилди.
Қолган икки совринли ўрин енгил атлетика майдончаларида қўлга киритилди: Дарья Жилина – 300 метрга югуриш ва Достонбек Абдумуталов – ядро улоқтириш.
Ўзбекистон терма жамоаси медаллари жамғармаси бугун ҳам бойитилишига ишончимиз комил.
Ғайрат Хонназаров, ЎзА
Минск, Беларусь