Жиноят содир қилган шахс ёки судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлса, аниқроғи, иш бўйича айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузилса, бу унга енгиллик берадими?
Бу саволга Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси Баҳром Бердиев жавоб берди:
– Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумон ёки айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан тузиладиган келишувдир. Айтиб ўтиш керакки, бундай келишув ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирув ва дастлабки терговнинг исталган босқичида жиноят ишини юритаётган суриштирувчи, терговчига тақдим этади.
Ушбу илтимоснома йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материаллари билан келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборилади.
Агар келишувга асосан ҳукм чиқарилиб, жазо тайинланганидан кейин гумон қилинувчи ёки айбланувчининг била туриб ёлғон кўрсатма бергани ёки терговдан иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни қасддан яширгани, келишувда назарда тутилган шарт ва мажбуриятларни бажармагани аниқланса, ҳукм қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзолангач, иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади.
Ишни судга қадар юритиш жараёнида жиноятнинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувда назарда тутилмаган бошқа ҳолатлари аниқланса, келишув ўз кучини йўқотади. Бунда айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузишни истисно этадиган ҳолатлар аниқланган тақдирда, жиноят иши бўйича иш юритиш умумий тартибда амалга оширилади.
Муҳим жиҳати шундаки, Жиноят кодексининг 57-2-моддасига кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори ушбу кодекс Махсус қисмининг тегишли моддаси (қисми)да назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Умуман, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти жазони енгиллаштиришга хизмат қилувчи инсонпарвар тамойилдир.
Н.Абдураимова,
ЎзА