Куннинг иккинчи ярмида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Туркия раҳбари Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларга таянган стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда алоқалар ижтимоий-сиёсий йўналишларда ҳам янги босқичда ривожланиб бормоқда.
Мамлакатимиз парламентининг фаолияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида такомиллашиб бормоқда. Халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис палаталари аъзолари халқ ичига кириб, одамларни ташвишлантираётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш амалиётини йўлга қўйди.
Сўнгги йилларда Олий Мажлис палаталарининг халқаро парламентлараро муносабатлари ҳам тобора ривожланиб бормоқда.
Режеп Таййип Эрдўғон ўз нутқида икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожланиб, янги босқичга кўтарилгани, бугунги музокаралар уни янада бойитганини таъкидлади. Мамлакатларимиз томонидан танлаб олинган ривожланиш йўлини қатъий қўллаб-қувватлаган ҳолда, амалий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқалар имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватлари, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантириш ишларини амалга оширишга эътибор қаратилишини таъкидлади.