Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамияти олий органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Шу билан бирга судьяларни лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалалари ҳам кенгаш ваколатига киради.
Жорий йил биринчи ярмида мазкур тизимда қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров жавоб берди:
– Кенгаш ўз фаолиятида очиқлик принципига риоя этган ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилган. Тайинловларни очиқ танлов шаклида ўтказиш орқали шаффофлик таъминланмоқда.
Судьяларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш, бўш лавозимлар учун очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида ўтган олти ойда 133 нафар номзод судьялик лавозимига тайинланди. Уларнинг 55 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги 10 йиллик муддатига, 3 нафари муддатсиз даврга, 72 нафари ваколат муддати даврига юқори ва бошқа судьялик лавозимларига, 3 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига тайинланди.
Очиқ танловларда ваколат муддати тугаган 6 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ, деб топилди.
Судьялик лавозимига танлов ва тайинловларда гендер тенгликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа даврда соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 181 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бугунги кунда 139 нафар судьяликка номзод таҳсил олмоқда. Ўтган олти ойда ушбу даргоҳда 107 нафар судья, 84 нафар суд ходими малака оширди.
Судьялар фаолиятига аралашиш, уларнинг дахлсизлигига таъсир ўтказишга уриниш ҳолатлари бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокуратурага учта тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида битта жиноят иши қўзғатилди, иккита ҳолат ўрганилмоқда.
Фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 128 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари 12 нафар судья одил судловни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйгани ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани учун, 11 нафар судья ўз аризасига кўра, бир нафар судья бошқа ишга ўтгани муносабати билан (жами 22 нафар судья) лавозимидан озод қилиниб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган.
Судьялар олий кенгаши томонидан ишга туширилган судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг дастури инсон омилисиз уларнинг фаолиятини холис баҳолашга хизмат қилмоқда.
Рейтинг кўрсаткичлари ва самарадорлик кўрсаткичи юқори бўлган 20 нафар судья Президент фармони асосида таъсис этилган “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.
37 нафар судья ва суд фахрийларига “Суд фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Самарадорлик кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) бўлган 27 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилди.
“Ижодкор судьялар клуби” ташкил этилди. Айни пайтда бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келаётган судьяларнинг асарларидан иборат тўплам тайёрланмоқда.
Судьялар учун “Ибрат мактаби” сифатида тизимда узоқ йиллар ҳалол ва самарали фаолият кўрсатган тизим фахрийларининг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Уч машҳур ўзбек аёли”, “Муносиб яшамоқ бахти” китоблари нашр этилган эди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, жорий йилда Судьялар олий кенгаши Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) аъзолигига қабул қилинди.
Халқаро аёл судьялар ассоциациясининг XVI конференциясида тизим тарихида биринчи марта Ўзбекистон аёл судьялари делегацияси иштирок этди. Якунда ўзбекистонлик уч нафар аёл судья мазкур халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА