Маълумки, мамлакатимиздаги йилига амалга оширилаётган 4 маротаба пилла парваришлаш методикаси кўплаб давлатларда қизиқиш уйғотмоқда ва мазкур тажрибани ўзларида қўллаш истагини билдирганлар сони ортиб бормоқда.

Хусусан, мазкур таклиф билан мурожаат қилаётган давлатлар қаторида Туркманистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида учинчиси ҳисобланади.

Шунга кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раиси О.Жумаев ва Туркманистон Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Меҳмонларга Ўзбекистон пиллачилик тармоғидаги асосий кўрсаткичлар, кластер тизимининг жорий қилиниши, унинг ишлаш принциплари, давлат томонидан соҳага берилган имтиёзлар ҳақида тушунтириб ўтилди ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси қардош Туркманистон халқига бу борада ёрдам беришга тайёр эканлиги таъкидланди.

—Бизнинг мақсадимиз пиллачиликдаги «ўзбек модели» асосида тажриба орттириб, пилла етиштиришнинг ўзига хос сирларини ўрганишдан иборат, — деди туркманистонлик инвестор М.Бердиев. —Шунингдек, буни ўзимизда жорий қилиш ҳамда йўқолиб бораётган пиллачилик анъаналарини қайта тиклаш ва энг асосийси, ушбу соҳа орқали даромад олишни кенг йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Учрашув сўнгида келгусида икки томонлама ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, тажриба орттириш мақсадида туркманистонлик мутахассисларни Ўзбекистонга ташрифи масалалари юзасидан келишиб олинди.

 

Гулноза Бобоева,

ЎзА