Сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Туркманистон “Каспий экологик ташаббуси”ни илгари суриш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Neytral Turkmaniston” расмий газетаси Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Баёнотда айтилишича, Туркманистон Каспий атроф-муҳитини муҳофаза қилиш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар бўйича мазмунли ва профессионал ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Каспий экологик ташаббус” халқаро платформасини таклиф қилмоқда. Бунда биологик ресурсларни мувофиқлаштириш, шунингдек қатор экологик муаммоларни ҳал этиш назарда тутилади.
Туркманистон қароргоҳи Ашхободда жойлашадиган Марказий Осиё мамлакатларида сувдан фойдаланиш бўйича БМТ минтақавий кенгашини тузиш таклифини ҳам кўриб чиқиш учун тақдим этади. Таъкидланишича, мазкур ташаббус Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва яхши қўшничиликни сақлаш, шунингдек, минтақадаги трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш мехнизмини яратишга қаратилган.