Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида медиа-тур ташкил этилди.

Анжуманда вазирлик бўлим мудирлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат!” мономаркази ходимлари иштирок этди. Таъкидланганидек, ўтган даврда республикада 92 минг 832 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Жумладан, вазирлик ва бўлимларга иш сўраб мурожаат қилган 17 минг 926 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиб, 4 минг 907 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинди ва уларга 4,2 миллиард сўм берилди. Бундан ташқари, 1 минг 538 ишсиз фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди. 98 маротаба “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, натижада 1 минг 800 фуқаронинг бандлиги таъминланди. 510 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

Шунингдек, жазони ўташ жойларидан озод қилинган ва жазони ўтаб келган 155 нафар, ҳарбий хизматдан қайтган 57 нафар, ногиронлиги бўлган ишга лаёқатли 827 нафар, 6 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар ҳамда 1 минг 926 нафар алимент тўловчининг бандлиги таъминланди. “Аёллар дафтари”да рўйхатда бўлганлар бандлик кўрсаткичи эса 22 минг 790 нафарни ташкил этди. 2023 йилнинг ўтган ойида вазирлик томонидан иш берувчилар туфайли ноқонуний ишдан бўшатилган 50 нафардан ортиқ фуқаро ишга қайта тикланди, 90 нафар фуқаронинг иш ҳақлари ундирилди. Иш вақтида бахтсиз ҳодиса туфайли жароҳат олган ёки вафот этган 10 нафар фуқаронинг оиласига 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш борасида Нукус шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида 1 минг 653 нафар фуқаро махсус сертификатга эга бўлди ва шундан 1 минг 121 нафарининг бандлиги таъминланди.

Элликқалъа, Тахиатош ва Нукус туманларида ташкил этилган марказлар, уларнинг 14 тумандаги 39 масканида эса 869 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилиб, 309 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон маҳаллаларига қаратилаётган катта эътибори натижасида республикадаги жами 452 маҳалла фуқаролар йиғинини ободонлаштириш ҳамда фаолларни рағбатлантириш учун ҳар бир маҳаллага 500 миллион сўмдан маблағ йўналтирилиб, кўча бошлари, кўча боши аёллари ва кўча сардорлари институти жорий қилинди.

Шу куни Нукус шаҳридаги қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказига медиа-тур ташкил этилди. Марказ айни пайтда ишсиз ёшларни касбга йўналтириш, айниқса, чет давлатда қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 300 нафар тингловчига мўлжалланган марказда бугунги кунда қурилиш соҳасидаги 13 йўналиш бўйича касб-ҳунар ўргатилмоқда. 2023 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра марказга 1 минг 756 нафар фуқаро қамраб олиниб, шундан 1 минг 612 нафар тингловчи ўқув курсларини муваффақиятли якунлаб, ўз йўналишлари бўйича халқаро сертификатларга эга бўлди. Айни пайтда марказда навбатдаги қабул жараёнлари давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА