Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда ўтган йилда Тошкент вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳажми 135 фоизга ўсиб, 480 миллион долларни ташкил қилгани таъкидланди.

Лекин бу кўрсаткич 8 та туман ва шаҳарда 2021 йилдаги ҳажмга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди.  

Шунингдек, ўтган олти ойда инвестиция дастурлари доирасида 240 миллион долларлик 322 та лойиҳа ишга туширилиб, 8 мингта иш ўрни яратилди.

Лекин айрим туман ва шаҳар ҳокимлари фақат кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш билан чекланиб қолмоқда.

Мисол учун, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Қибрай, Тошкент, Янгийўл туманлари ва Нурафшон шаҳрида бирорта ҳам йирик лойиҳа йўқ.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига йил якуни билан камида 100 миллион доллардан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш бўйича топшириқ берди.

ЎзА