“Миср бугун” – “Аlmasryalyoum” нашри хабар беришича, икки давлат элчилари Миср ишбилармонлар уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қўшма ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси онлайн имзоланиши маросимида иштирок этдилар.
Тегишли баённомани Миср ишбилармонлар уюшмаси директорлар кенгаши раиси Али Исса ва мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов имзолади.
Ҳужжат имзоланиши арафасида Қоҳирадаги элчимиз Мансурбек Қиличев Миср Ўзбекистон маҳсулотларининг Африка бозорига кириш эшиги эканини таъкидлаб, шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар биргаликда амалга оширилишини таъкидлади. Шунингдек, ишбилармон доиралар ва Қўшма ишбилармонлар кенгаши аъзолари ўртасидаги музокаралар ички савдони, қўшма инвестициялар ҳажмини ошириш йўлида муҳим кўприк бўлишини урғулади.
М.Қиличев Ўзбекистон Президентининг жорий йил февраль ойида Мисрга амалга оширган расмий ташрифи ҳамда Миср ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабат иқтисодий алоқа самарадорлиги кўрсаткичини 3,5 баробар оширишга хизмат қилганини таъкидлади.
Ишбилармонларимиз Порт-Саидда саноат-савдо маркази ташкил этиш, маҳсулотларни Африка минтақасига тарқатиш учун омборлар қуришга тайёр экани, элчихона икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро манфаатдорликни ошириш учун бор куч, имкониятни ишга солаётгани тасдиқланди.
Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳмий хоним ўз навбатида икки мамлакат сармоявий ва савдо салоҳияти билан танишиш имконини берувчи ҳудудлараро ташрифлар ташкил этиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашишини айтиб, Миср – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ташкил этилаётганини олқишлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА