Шу кунларда Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазирлиги ҳузуридаги миграция масалалари бўйича ҳукумат махсус вакили Йоахим Штамп бошчилигида делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Меҳмонлар турли вазирлик, идораларда учрашувлар ўтказяпти. Куни кеча делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” моно маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Мажмуада меҳмонлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан мулоқот қилишди.

Самимий руҳда кечган учрашувда икки мамлакат ўртасида соҳада амалга оширилган ишлар, истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, Германияда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизга немис тилини ўргатиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, Германияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасини очиш каби йўналишларда музокара олиб борилди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда қонуний ва хавфсиз миграцияни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар, яратилган шарт-шароит билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, сўнгги 2 йил ичида Агентлик Германиянинг 13 компанияси билан тиббиёт, қурилиш, ишлаб чиқариш, логистика, ахборот технологиялари, меҳмонхона соҳаларида фуқароларимизни ушбу давлатда ишга жойлаштириш бўйича шартнома тузган.

Мазкур келишувлар доирасида жорий йил бошидан буён 300 дан зиёд юртдошимиз ГФРга уюштирилган ҳолда ишга жўнатилди. Жорий йил якунига қадар яна 300 нафарга яқин фуқаро ишга юборилади.

Мулоқот давомида меҳнат мигрантларига қўшимча қулайликлар яратиш, айни йўналишда икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳалар амалга оширишга доир таклиф, мулоҳазалар билдирилди.

 

Г.Сатторова, ЎзА