Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан 2023 йил биринчи ярмида қандай ишлар амалга оширилди?
Бу саволга Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова жавоб берди:
– Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ўтган йил шу даврда бу кўрсаткич 156 маротабани ташкил этган.
Ҳисобот даврида 113 жазони ижро этиш колонияси, 81 тергов ҳибсхонаси, 43 вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, наркология маркази 31 та филиали, 27 махсус қабулхона, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, реабилитация марказлари, руҳий-асаб касалликлари диспансерлари, 8 ички ишлар органлари ҳамда мастлик ҳолатида бўлганларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ўрганилган.
Омбудсман бошчилигида ўтказилган мониторинг ташрифларида Жамоатчилик гуруҳлари таркибида халқаро ва маҳаллий ННТ, ОАВ, блогер, психолог, педагог ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Мониторинг ташрифлари давомида 7 мингга яқин маҳкум ва маҳбус билан жамоавий ҳамда 2 минг 417 нафар, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,6 фоизга кўпроқ маҳкумлар (маҳбуслар) билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Мониторинг ташрифлари давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.
Қолаверса, Минтақавий вакиллар томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида жойлардаги мутасадди органлар ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар, тиббий кўрик ва бошқа тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан Қўнғирот туманидаги 27-сон манзил-колониясида маҳкум ва маҳкумалар учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда Поп туманидаги 6-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун “Устоз-шогирд анъанаси” асосида ҳунармандчиликнинг “Металл буюмларни ясаш” йўналиши бўйича икки ойлик ўқув курси ташкил этилди. Мазкур ўқув курсини тамомлаган 56 нафар маҳкумга сертификатлар топширилди.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилининг ташаббуси билан вилоятдаги колонияларда жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумлар орасида интеллектуал мусобақалар ўтказилди.
Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида Омбудсман томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга бешта талабнома, учта тақдимнома, учта хулоса ва учта таҳлилий ахборот ҳамда Олий Мажлис палаталарига иккита таҳлилий маълумотлар киритилди.
Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 1,5 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга камайган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида 10 га яқин маҳкумлар яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган. 57 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига моддий ёрдам ажратилишига ва 17 нафарининг яқин қариндошларига тиббий хизмат кўрсатилишига эришилди. Шунингдек, 50 га яқин “Мурувват” уйида сақланаётган шахслар, маҳкум ва маҳбусларга ва уларнинг фарзандларига ID карталар олинишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилгани ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан Омбудсманга 125 та шикоят келиб тушган.
Уларнинг 19 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 18 таси “Омбудсман қутиси”, 40 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 21 таси Омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар, 22 таси электрон тарзда ва 5 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.
Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган.
Шикоятларнинг 8 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, 37 шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Омбудсман томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган шу мазмундаги 20 га яқин хабар зудлик билан ўрганилиб, Бош прокуратурага Омбудсман талабномалари киритилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА