Маълумки, 2023/2024-ўқув йили учун академик лицейларга кириш имтиҳонларининг якуний натижалари (мандат) эълон қилинган эди.

Ушбу кириш тест синови натижасидан норози бўлган ўқувчилар вазирликнинг my.edu.uz расмий веб-сайтидан “Шахсий кабинет”га кириш орқали апелляция шикоятини жорий йил 3 августга қадар (шу куни ҳам) юбориши мумкин.

Аризалар фақат онлайн шаклда қабул қилинади.

Апелляция шикояти вазирлик ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Апелляция комиссияси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ўқувчига Апелляция комиссияси қарори тўғрисида жавоб хати юборилади.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади.

Апелляция белгиланган Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса ёки кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса тест синови натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қондирилишини рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Шунингдек, шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топса тест синовлари натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш бўйича қарор чиқаради.

Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.

ЎзА