Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги телеграм каналига кўра, ушбу баҳолаш натижалари samaradorlik.uz платформасида шакллантирилди. Айни дамда туман, шаҳар ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари билан ишлашга масъул бўлган вазирлик ва идоралар белгиланган.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ушбу маълумотларни ҳаққоний ва ўз вақтида тақдим этилишини назоратга олиб келмоқда. Жорий йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини (KPI) баҳолаш натижалари бўйича шакллантирилган маълумотларда камчиликлар аниқланди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари, ходимлари, вилоят ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳи вакиллари иштирокида шу масалани танқидий муҳокама қилди.
Дастлаб юзага келган камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилинди.
Кейинги ҳисобот даврига қадар бу каби ҳолатлар такрорланмаслигининг тўлиқ олдини олиш, туман, шаҳар ҳоким ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарлари фаолиятини адолатли баҳоланишини таъминлаш ҳамда ҳудудларда амалга оширилган ишларнинг натижадорлигини тўғри таҳлил қилиш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА