Меҳнат қонунчилиги бўйича ходимнинг кундалик иш (смена) муддатидан ортиқча ишлаши – ишдан ташқари иш ҳисобланади. Демак, кундалик иш муддати 8 ёки 7 соатдан ортиқча иш вақтида ишлаш – ишдан ташқари ишдир. Шу билан бирга, қисқартирилган иш вақти тайинланган ходимларга нисбатан кунлик қисқартирилган иш вақтидан ортиқча иш – ишдан ташқари ишдир.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, дам олиш ва байрам кунларида ишлаш ишдан ташқари иш ҳисобланмайди. Ишдан ташқари иш вақтини ҳисоби – иш берувчи томонидан табелда ходимниинг ҳақиқатда ишлаган ишдан ташқари иш соатларини қўйиб, жамлаш орқали юритилади.

Меҳнат қонунчилиги нормалари мазмунидан келиб чиқиб, ходимни ишдан ташқари ишларга жалб қилиш учун иш берувчининг фармойиш шаклидаги ҳужжати (тавсия этилади: буйруқ) чиқарилади ва унда ходимнинг ишдан ташқари ишда ишлаш куни ва соатлари кўрсатилиб, ходимнинг ёзма розилиги билан (тавсия этилади: ўзи томонидан ёзилган ФИШ ва розилигини тасдиқловчи имзоси) тасдиқланади.

Ишдан ташқари ишнинг энг кўп муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан, йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим. Меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда ишловчи ходимлар учун эса 1 кунда 2 соатдан ошмаслиги керак.

Ишдан ташқари ишларга қўйидаги шахслар жалб қилинмайди:  

– иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлган ходимлар;  

– меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда ишловчи ходимлар;  

– 18 ёшга тўлмаган шахслар;  

– тиббий тавсияда тақиқланган ногирон ходимлар.

Батафсил:              

«Ҳуқуқий эксперт» туркум видеолавҳаларини кузатишда давом этинг ва ўз ҳақ-ҳуқуқларингиз ҳақида батафсил маълумотга эга бўлинг.

М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА