Бокуда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида 2 август куни Озарбайжон Миллий кутубхонасида ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” асарининг озарбайжон тилидаги янги нашри тақдимоти бўлиб ўтади. Шунингдек, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” бурчаги расман очилади.

Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан вакиллар – таниқли шоирлар, адабиётшунос олимлар, атоқли маданият намояндалари иштирок этади.

– “Ўткан кунлар” романи ёзилгандан кейин илк бор 1928-1929 йилларда Холид Саидхўжаев томонидан озарбайжон тилига ўгирилган, – деди биз билан суҳбатда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим. – Бу воқеа мазкур асардан ўзбек ўқувчисидан кейин дунёда биринчи бўлиб айнан озарбайжонликлар баҳраманд бўлганини англатади. Таржимани юзага чиқаришда ўзбек адабиётининг дўсти, етук адабиётшунос олима Олмос Улубемметованинг хизмати беқиёс.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, китобда романни эътироф этган улуғ ёзувчи ва олимлар, хусусан, Мухтор Авезов, Евгений Бертельс, Жалол Икромий фикрлари, таржимон ҳақидаги маълумотлар келтирилган.

“Ўткан кунлар” ёзилганига 100 йил тўлди. Биз ушбу санани Бокуда асарнинг озар тилидаги нусхаси билан нишонлаб турибмиз.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасидаги барча тадбирлар, жумладан, буюк ижод намунасининг Озарбайжондаги янги нашри тақдимоти халқларимиз ўртасидаги маданий, адабий алоқалар ривожида янги уфқ очади.

Шуҳрат Ориф,

Боку шаҳри