Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳайъати, Департамент ва Бюронинг республика бошқармалари, барча тезкор ходимлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда йилнинг биринчи ярмида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Йиғилиш муҳокамасида соҳанинг асосий йўналишлари ҳисобланган жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги муаммоларини ҳал этишга комплекс ёндашилганлиги таъкидланди. Бу даврда қўлланилган 5 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари асосида 1,5 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилди, 7 минг нафардан зиёд шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Қонунбузарликни бартараф этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида 2,5 минг нафардан ортиқ шахснинг интизомий ва маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Текширувлар ва тергов ишлари давомида 39 миллиард сўмдан зиёд зарар ундирилди. Прокурорлар ташаббуси билан 116 миллиард сўмлик 240 лойиҳа ишга туширилиши натижасида 658 янги иш ўрни яратилиб, 92 тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди.
Шунингдек йиғилишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий руҳда муҳокама қилинди ва келгусида танқиддан хулоса чиқарган ҳолда иш олиб бориш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири